2018-02-22 07:48:00

ТЕСТ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИ ТАКОМИЛЛАШАДИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида Қарор қабул қилди.

Қарорда қайд этилганидек, сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини топширувчи абитуриентлар сонининг ошиб бориши йилига ўртача 10 фоизни ташкил этмоқда. Хусусан, 2016 йилда 663 минг, 2017 йилда 729 минг нафардан ортиқ абитуриент олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган. Таҳлилларга кўра, 2018 йилда бу кўрсаткич 810 мингдан ортиқни ташкил этиши кутилмоқда.

Абитуриентлар сонининг кескин ўсиши тегишли равишда тест синовлари жараёнига давлат бошқаруви органлари билан келишилган ҳолда жалб этилаётган назоратчилар сони ва тест материалларини сифатли тайёрлаш билан боғлиқ ишлар ҳажми ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Тест синовлари жараёнига жалб этилаётган иштирокчилар сони ва тест материалларини сифатли тайёрлаш билан боғлиқ иш ҳажмининг ортиб бориши танланган бино ва аудиторияларнинг жиҳозланиши белгиланган талабларга жавоб бермаслигига, бинолар олий таълим муассасаларида ташкил этилган бош штабдан узоқ масофада ва тарқоқ жойлашишига олиб келди. Бунинг натижасида тест синовларини назорат қилиш сифатининг тушиб кетиши кузатилди.

Шу муносабат билан ҚарордаДавлат тест марказининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланди:

тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш, натижаларини таҳлил этиш ва эълон қилиш;

тест технологияларини ривожлантириш, педагогик ўлчов воситаларини такомиллаштириш;

чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини ривожлантириш.

Шунингдек,Қарор билан Давлат тест марказининг янгиланган тузилмаси ва Низоми тасдиқланмоқда.

Давлат тест марказининг марказий аппарати тузилмасида Тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси, Тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари ташкил этилмоқда.

Давлат тест маркази тўғрисидаги Низом билан марказ фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги мунтазам баҳоланиши лозимлиги белгилаб қўйилди.

Давлат тест марказининг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

марказ раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

марказ фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.

“Туркистон-пресс”