2018-02-22 10:26:00

НИЗОЛАР ТЕЗ ВА ҚУЛАЙ ҲАЛ ҚИЛИНАДИ

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган “Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2018 йилнинг 5 январь куни биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳаси айни пайтда кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда низоларни мустақил шахслар — медиаторлар иштирокида бартараф этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш, судлар зиммасидаги юкни енгиллаштириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган. Медиация — можарони холис, адолатли, бундан манфаатдор бўлмаган учинчи томон, яъни медиатор иштирокида ҳал этишнинг муқобил шакли. Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимида низоларни ҳал қилиш учун медиацияни қўллаш, тарафлар — фуқаролар ва ташкилотлар, шу билан бирга, тадбиркорлик субъект­ларининг вақтини тежаш ва суд харажатларини қисқартиришга имкон беради. Уларда низони судгача олиб бормасдан тез ва арзон, қулай жой ва вақтда ҳамда махфий равишда ўзаро мақбул келишувга эришган ҳолда ҳал қилиш имконияти пайдо бўлади. Бундан ташқари, тарафлар ўртасида ишбилармонлик муносабатлари сақланишига эришиш мумкин. Ва яна суд муҳокамаси билан боғлиқ ишлар бўйича адвокатларни жалб этиш, давлат божи ва харажатларни қоплаш шарт эмас.

Бугун мамлакатимизда медиацияга ўхшаш яраштирув амалиёти муайян даражада қўлланилмоқда. Масалан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қўшнилар ўртасидаги ҳамда оилавий низоларни яраштириш билан боғлиқ фаолиятини медиацияга қиёс қилиш  мумкин. Чунки юртимизда азалдан маҳалла оқсоқоллари қўшнилар, оила аъзолари ва эр-хотин ўртасидаги низоларни ҳал этишда бош-қош бўлган. Фарқи: ушбу фаолият “медиация”, деб аталмаган.

Бугунги кунда хорижий давлатларда медиация институтининг ривожланаётгани ва қўлланилаётгани мамлакатимиз ҳуқуқий тизимига фуқаролик, оила, меҳнат ва бошқа низоларни ҳал этишда медиацияни жорий қилишни тақазо этмоқда.

“Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан ҳуқуқий тизимда низоларни муқобил ҳал этиш институтларини қўллаш бўйича биринчи қадамлар ташланди. Аммо қонунчилигимизда ҳозирда медиация тушунчасининг таърифи ва унинг ҳуқуқий тартибга солиниши белгиланмаган.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодекси асосан келишув битимларини тузишни тартибга солувчи меъёрларни ўз ичига олади. Амалдаги қонунчилигимиз тарафларга низоларни судгача ҳал қилиш имкониятини беради. Тарафлар фуқаролик ҳамда иқтисодий судлов ишларини юритишда суд процессини исталган вақт ва босқичда келишув битими тузган ҳолда тугатишлари мумкин.

Иқтисодий процессуал кодексининг айрим меъ¸рлари медиацияга ўхшаш келишув битимидан фойдаланишга йўл қўяди. Аммо унда келишув битимига фақат суд воситасида эришилади, давлат божи ундирилади, медиация низони суддан ташқари ихтиёрий равишда ҳал этиш усули ҳисобланади.

Ушбу тартиб “Хўжалик юритувчи субъект­лар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги қонунда ҳам белгиланган (17-19 моддалар). Унга мувофиқ хўжалик юритувчи субъект ҳуқуқ ва манфаатларини бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдиришга ҳақли. Иккинчи тараф талабномани олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт. Томон рад (қисман рад) жавобини олган ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олмаган тақдирда, шунингдек, хўжалик шартномалари юзасидан талабнома билдирмай ҳам хўжалик судига даъво аризаси бериши ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этиши мумкин. Бироқ қонунчилигимизда “талабнома”, “талабнома тартиби” ёки “низони судгача ҳал қилиш тартиби” тушунчаларига таъриф берилмаган.

Медиация асосан никоҳ шартномаси, вояга етмаган болалар учун алиментлар ундириш, шунингдек, никоҳдан ажратишга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқувчи низоларни ҳал қилишда қўлланилиши мумкин. Оила кодексининг 40-моддаси иккинчи қисмида никоҳдан ажратишда суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлаши белгиланган.

Медиация эр-хотинга Ўзбекистон Респуб­ликасида қонунчилик йўли билан ярашувга эришиш имконини беради. Алиментга оид ҳуқуқий муносабатларда медиация алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида келишувга эришиш воситаси сифатида хизмат қилади. Бироқ вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент суд тартибида ундириладиган миқдордан кам бўлмаслиги керак.

Медиация вақт, маблағ, энг асосийси, эмоционал ресурсларни тежашга имкон беради. Бироқ у мутлақо янги тушунча ёки янги мавзу эмас. Чунки адвокатлар ҳам кўпинча шунга ўхшаш, яъни  воситачи сифатида қатнашишига тўғри келади.  Бундан ташқари, нотариуслар ҳам жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашади.

Бугун амалиётга медиация институтини киритиш, фуқаролик ва иқтисодий судлов ишларида муқобил воситалардан фойдаланиш, яъни тарафлар ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш тартибини кенг жорий этиш вақти келди. Шу билан бирга, медиация тадбиркорлик субъектлари учун айрим низоларни осон ва тез ҳал қилиш имконини беради. Мухтасар айтганда, медиация ижтимоий тинчликнинг воситаси сифатида қўлланилади: тарафлар низони тўхтатади, келишув битимини тузишга ҳаракат қилади ва бунинг барчаси тузиладиган битимларнинг қонунийлигини таъминловчи, тарафлар ўртасида тенг ва ишонч билдирувчи муносабатларни ўрнатувчи медиатор назорати остида бўлади.

Ушбу қонун лойиҳаси фуқаролик, меҳнат, оила, шу жумладан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида рўй берадиган низоларда медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. Бироқ у медиация жараёнида иштирок этмайдиган учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл қилган ёки дахл қилиши мумкин бўлган, шунингдек, давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш билан боғлиқ низоларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Медиация институти ҳозирги кунда АҚШ, Германия, Буюк Британия,

Австрия, Япония, Хитой, Гонконг, Корея, Ҳиндистон каби кўплаб давлатларда кенг қўлланилмоқда. БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи комиссияси (UNCITRAL) медиация тўғрисидаги қонун намунасини ишлаб чиққан. Ташкилотнинг тушунтириш хатида медиация институти қўлланилаётган давлатларда ушбу жараёндаги келишувларнинг ҳуқуқий таъсири ҳамда мажбурийлиги ҳақида кенг  маълумот берилган.

“Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги вазифаларга, ҳар қандай низони халқимизга хос муроса-ю мадора йўли билан ҳал этишга интилиш каби дастурий ғоялар билан тўла уйғун ва ҳамоҳангдир. Шу боис фракция аъзолари мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таклиф-тавсияларини билдирмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши низоларни судгача ҳал этиш соҳасида юзага келадиган муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилигини таъминлайди, самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратади, суд тизимида иш ҳажми камайишига эришилади. Бу, ўз навбатида, суд харажатларини тежаш, низоларни қулай ва тез ҳал қилиш имконини кенгайтиради, тарафларнинг шаъни ва обрўйини сақлаш, тадбиркорлик субъектларининг самарали ишлашига хизмат қилади.

 

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

“Туркистон-пресс”