2018-02-22 14:11:00

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ МАЪЛУМОТИ

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси маълумотига кўра, 2018 йил 20 февралькуни Жалолобод вилоятининг Қўчқор-Ота шаҳарчасида бахтсиз ҳодиса рўй берди. Натижада шаҳардаги кафелардан бирида ишлайдиган уч нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди.

Хусусан, Жалолобод вилояти ИИБ маълумотларига кўра, Қўчқор-Ота шаҳарчасидаги “Азия” кафесида газ ўчоғидан газ сизилиши оқибатида портлаш содир бўлди. Воқеа рўй берган пайтда хонада 4 киши бўлган ва натижада уларнинг юқори тана қисмлари куйган. Жабрланганлардан уч нафари Наманган шаҳри ва яна бири Қирғизистоннинг Тўхтагул тумани истиқоматчилари бўлган.

Икки нафар Ўзбекистон фуқароси– Азимжон Валиев ва Муҳаммадбобир Турғунпўлатов Қўчқор-Ота шаҳридаги шифохонага жойлаштирилди. Рустам Парпиев эса учинчи даражада куйиб, Ўш шаҳридаги касалхонага ётқизилди.

Фавқулодда ҳодиса рўй берган жойда оператив тергов гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Ҳодиса ҳолатлари тергов қилинмоқда.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан Ўш шаҳридаги Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг масъул Ваколатхонаси вакиллари ва Жалолобод тумани Ички ишлар бошқармаси билан ишчи алоқалар ўрнатилди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилмоқда.

“Туркистон-пресс”