2018-02-26 11:48:00

САЙЁҲЛИК ЯРМАРКАСИ САМАРАЛИ ЎТДИ

Санкт-Петербургда “Ипак йўли тилсими” деб номланган сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Санкт-Петербургдаги бош консуллиги, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва Россиянинг “Аэротур” туроператори ҳамкорлигида ташкил этилди. Бу ҳақида «Жаҳон»АА хабар бермоқда.

Ярмаркада Санкт-Петербург ҳукуматининг Ташқи алоқалар қўмитаси ходимлари, Сайёҳликни ривожлантириш бўйича қўмита ҳузуридаги шаҳар Сайёҳлик-ахборот бюроси раҳбарияти, 60 дан зиёд маҳаллий сайёҳлик компаниялари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган “Simurg Travel” ва “Ulysse Tour” туроператорлар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир чоғида Ўзбекистон ҳақида ҳикоя қиладиган видео фильм ва мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларининг тақдимотлари ташкил қилингани баробарида мамлакатимизда сайёҳликни ривожлантириш бўйича кўрилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар ҳақидаги ахборот материаллари тарқатилди. Шу билан бирга, ярмарка иштирокчилари ўртасида турли совғалар ва Ўзбекистон бўйлаб танишув саёҳати учун учта авиачипта ютуқларидан иборат лотерея ўйини ҳам уюштирилди.

Ўзбек ашула ва рақсларидан ташкил топган маданий дастур намойиши эса тадбирга алоҳида шукуҳ бахш этди. Юқоридагилардан ташқари, меҳмонлар ўзбек паловидан татиб кўриш ва миллий либослар намойишидан ҳам баҳраманд бўлдилар.

Ушбу тадбир маҳаллий омавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Масалан, “Санкт-Петербург” телеканалининг янгиликлар дастурида ҳамда “Петербург” радиоканалида мухбирларнинг воқеа жойидан тайёрлаган репортажлари намойиш этилди.

Россиянинг сайёҳликни ёритишга ихтисослашган “RTourNews” интернет журнали, Россия анонслар агентлиги ҳам ушбу ярмарка тафсилотларига бағишланган материалларни ўз ўқувчиларининг эътиборига ҳавола этди.

Туркистон-пресс”