2018-02-27 07:34:00

ҚОҒОЗ ЧИҚИНДИСИДАН ХАРИДОРГИР МАҲСУЛОТ

Термизлик тадбиркор Рустам Неъматуллаев Учқизил қўрғонида бўш турган бинолардан бирини ноль қийматда олиб, қайта таъмирлади ва қоғоз чиқиндиларидан халқ хўжалиги учун зарур бўлган уч хил маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бунинг учун банкдан 625 минг АҚШ долларига тенг кредит олинди ва қўшимча равишда таъсисчиларнинг 2 миллиард сўмлик ҳомийлик маблағи сарфланди.

Шу пайтгача Сурхон воҳасида аҳоли хонадонларидан чиқадиган эски қоғоз чиқиндилари, савдо дўконларида тўпланиб ётадиган картон ҳамда қоғоз қутилар, газета тахламлари, корхона-ташкилотлардаги муддатини ўтаб бўлган ҳужжатлар асосан Тошкент шаҳрига олиб кетиларди. Энди «Сурхон қоғоз қайта ишлаш» МЧЖ чекланмаган миқдорда қоғоз чиқиндиларини қабул қилиб, қайта ишламоқда.

Корхонада 33 нафар киши иш билан банд. Уларнинг 10 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир. Корхона йил бошидан ҳозирга қадар 150 тонна қоғоз чиқиндиларини қайта ишлашга улгурди. Маҳсулотнинг асосини ўров қоғози, ҳар хил ҳажм ва сиғимдаги картон қутилар, паррандачилик фабрикалари учун тухум солинадиган қолиплар (флейка) ва ҳоказолар ташкил этади.

“Туркистон-пресс”