2018-02-27 09:40:00

ЙЎЛОВЧИ ТРАНСПОРТИ ТАШКИЛОТЛАРИ МОЛИЯВИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНАДИ

Жорий йил 22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг шаҳар ташиш йўловчи транспорти ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарориқабул қилинди.

Қарорга асосан, Тошкент шаҳрида транспортда ташувларга тарифларнинг кескин ошишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга субсидиялар ажратиш назарда тутилган.

Жумладан, 2017 йил 15 ноябрдан кейин «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан сотиб олинаётган ҳамда мунтазам ҳаракатланадиган шаҳар йўловчи, навбатчи, хўжалик ташувларини бажариш, шунингдек, автобусларни сервис хизматлари кўрсатишга йўналтириш учун фойдаланилаётган дизель ёнилғиси қийматидаги тафовут суммасига субсидия берилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомаларига биноан соатбай ва бошқа тижорат ташувлари бўйича «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган ёнилғига харажатларга субсидия берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга унинг асосланган ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ташкилотлари томонидан 2017 йилда сотиб олинган ва 2018 йилда сотиб олинадиган дизель ёнилғиси қийматидаги нарх тафовутини қоплаш учун субсидиялар ажратилишини таъминлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги субсидиялар ажратишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли хулоса олингандан кейин бир ҳафта муддатда уларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга ажратилишини таъминлайди, бу тўғрида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖни ёзма шаклда хабардор қилади. Хабарномада ажратилган субсидиялар суммаси, ажратиш санаси ҳамда субсидиялар унинг учун ажратилган ҳисобот даври кўрсатилади.

“Туркистон-пресс”