2018-02-28 08:44:00

ЎЗБЕКИСТОН БМТНИНГ ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА КЕНГАШИГА АЪЗО БЎЛМОҚЧИ

Женевада БМТнинг Инсон хуқуқлари бўйича кенгаши 37-сессияси иш бошлади, деб хабар бермоқда “Жаҳон” АА.

Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини нишонлаш доирасида ташкил этилган сессияда Инсон хуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари муҳокама қилинмоқда. Олий даражадаги тадбир Сегментида 180 дан зиёд мамлакатдан 3 минг нафардан ортиқ вакил, жумладан, давлат ва ҳукумат, вазирликлар, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Йиғилишнинг очилиш маросимида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зейд Раад ал Ҳусайн ва БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси раиси Мирослав Лайчак сўзга чиқиб, бутун дунёда инсон хуқуқларига риоя қилиш ва ушбу соҳада ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини қайд этган.

Тадбирда Ўзбекистон номидан Адлия вазири Русланбек Давлетов, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси ходимлари иштирок этмоқда.

Олий даражадаги Сегментда сўзга чиққан Адлия вазири Р.Давлетов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистонда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирди. Ўзбекистоннинг ушбу соҳада БМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, халқаро аудиторияга Ўзбекистоннинг аҳоли билан мулоқотни ривожлантириш мақсадида юритаётган Халқ қабулхоналари орқали уларнинг шикоят ва мурожаатларини кўриб чиқиш, жойларда долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни комплекс равишда ҳал этиш бўйича ўзига хос тажрибасига оид маълумот берилди.

Жиноятчиликка қарши курашишнинг бутунлай янгича, энг аввало, жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни эрта аниқлашга йўналтирилган тизимини жорий этиш масаласи ҳақида сўз юритилди. Суд-ҳуқуқ соҳаси ва жиноятни фош этиш тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, Судьялар олий кенгашининг таъсис этилгани, янги иқтисодий ва маъмурий судларнинг тузилгани, юртимизда илк бор жорий этилган фуқароларни авф этиш, жиноятчиликда ноқонуний далил турларини қабул қилиш, айниқса, жисмоний куч ишлатиш ва бошқа зўравонлик турларини қўллашга йўл қўймаслик бўйича талабларнинг амалга оширилишига доир дастлабки натижалар тақдим этилди.

Иқтисодиётни либераллаштириш ва давлатимизнинг янгича бўлган очиқ молиявий, савдо, солиқ ва инвестициявий сиёсатини жорий этиш масаласи иштирокчилар эътиборини жалб этди.

Шунингдек, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш сифатини янада яхшилаш, Ўзбекистоннинг соҳага оид халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш борасида олиб бораётган изчил ишлари, халқаро ташкилотларнинг республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларга берган ижобий баҳосини ҳисобга олган ҳолда, юксак даражали Сегмент йиғилиши доирасида Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида сайланиш истагини илк бор билдирди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан тақдим этилган маълумотлар, жумладан, 2018 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми юксак даражали Сегмент учрашуви иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

“Туркистсон-пресс”