2018-02-28 09:10:00

ОҲАНГАРОН «ЯШИЛ ШАҲАР»ГА АЙЛАНАДИ

Ўзбекистон экологик тоза энергетика технологияларини жорий этиш учун Хитой билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов 25 февраль куни Чунцин шаҳрига ташриф буюрди ва  «JONTIA Group» компаниясининг Ўзбекистонда экологик тоза энергетика соҳасидаги инвестицион лойиҳаси бўйича муҳокамаларда қатнашди. Бу ҳақида Хитойнинг «Синьхуа» ахборот агентлиги хабар берди.

2017 йилнинг сентябрида Ўзбекистон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Музаффар Солиев Чунцинга ташриф буюриб,  «JONTIA Group» компанияси билан қатор келишувларга эришганди.

Шу йилнинг ноябрь ойида «JONTIA Group» ҳамда Ўзбекистон томони «Оҳангарон яшил шаҳар» лойиҳасини биргаликда амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолаганди.

Маълум бўлишича, ушбу лойиҳага 87,4 миллион доллар йўналтирилади. Лойиҳага кўра, Оҳангаронда иссиқлик ва электр-энергия ишлаб чиқарувчи юқори самарали бешта станция қурилиши кўзда тутилган.

“Туркистон-пресс”