2018-02-28 13:11:00

ВОЯГА ЕТМАГАН ЁШЛАР ДОИМИЙ НАЗОРАТДА БЎЛИШИ КЕРАК

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказида вояга етмаган ёшларнинг бўш вақтини мақсадли ташкил этишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда вазирликнинг Ахборот хизмати.

Йиғилишда Халқ таълими вазирлиги раҳбар ходимлари, тегишли бошқарма ва бўлим бошлиқлари, республика ташкилотлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, туман(шаҳар) халқ таълими бўлими мудирлари, маънавий-ахлоқий тарбия ва болаларнинг ижтимоий ҳимояси шўъбаси мудирлари, умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев кун тартибига қўйилган масаланинг долзарблигини алоҳида таъкидлади. “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг халқ таълими тизимидаги ижроси иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди. Таълим муассасаларида фаолият кўрсатувчи педагоглардан келиб тушаётган мурожаатларда амалдаги қонунчиликка зид ҳолатлар учраётгани айтилгани, буни бартараф этиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида Бош прокуратура бошқарма катта прокурори Даврон Қурбоновнинг ахбороти тингланди. Хусусан, жойларда ишга қабул қилиш ва ишдан ноҳақ бўшатиш, меҳнат таътилини турли важлар кўрсатган ҳолда бермаслик ёки кадрлар бўйича инспектор томонидан ходим иш фаолиятида асқотадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тўлдиришда йўл қўйилаётган камчиликларни тузатиш юзасидан тавсиялар берилди.

Ҳеч қайси бола жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари ўрганиб чиқилганда, бунга асосан носоғлом оила фарзандлари қўл ураётгани таъкидлаб ўтилди. Мўмай даромад топиш мақсадида чет элга кетган, бола тарбиясига иккинчи даражали иш сифатида қарайдиган ота-онанинг вазифасини кўп ҳолларда бобо ёки буви, яқин қариндошлар бажармоқда. Бу эса ўсмир учун айни муддао, у назоратсиз қолмоқда ва охир-оқибат билиб-билмай ҳуқуқбузарлик содир этмоқда.

Ҳар бир мактабда шундай бола борлиги аниқланса, уни фаол ва намунали ўқитувчига бириктириш керак. Мактаб психологи унинг қизиқишларини ўргансин. Боланинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга хизмат қилувчи мактабдан ташқари муассасалар бор, улардан унумли фойдаланиш самарадорлигини ошириш, маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ва педагогларнинг ҳамкорлигини кучайтириш лозим.

2017 йил якуни бўйича ўсмирлар ўртасида содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар вилоятлар кесимида таҳлил этилиб, мутасаддиларга кўрсатма берилди.

“Туркистон-пресс”