2018-03-01 16:59:00

ХИТОЙ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ПИЛЛАЧИЛИК РИВОЖИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов Хитойдаги энг йирик ипак қурти уруғи ишлаб чиқарувчи “Tongxiang Sericulture Co Ltd” компанияси президенти Чжао Синьхуа билан учрашди.

Ўзаро суҳбат чоғида Сурхондарё вилоятида баҳор ва кузда ипак қурти етиштириб, элита ипак қурти уруғи тайёрлаш, ходимларнинг малакасини ошириш ва илмий йўналишда ҳамкорлик қилиш борасида келишиб олинди. Бу ҳақида “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг Ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур компания билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида “Huashen Silkworm Pro” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона ташкил этилган. Бу корхона 2019 йилга бориб Сурхондарё вилоятининг ипак қурти уруғига бўлган талабини тўлиқ таъминлаши мўлжалланмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг август ойида хитойлик олимлар Сурхондарё вилоятига келиб, пиллакорларга бир ой мобайнида кўргазмали ўқув ташкил этиб, дарс ўтишлари режалаштирилган.

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шариповнинг таъкидлашича, мўл ва сифатли пилла ҳосили етиштириш кўп жиҳатдан ипак қуртининг озуқа базасига боғлиқ. Бироқ, кейинги йилларда тут парвонаси вилоятларда, айниқса, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент, Наманганда тарқалиб, тут дарахтларига катта зарар келтирмоқда. Тут парвонаси хавфли зараркунанда бўлиб, тут баргининг ашаддий кушандаси ҳисобланади. У ипак қуртининг озуқаси бўлган тут баргини кемириб еб, уни бутунлай яроқсиз ҳолатга келтиради.

Эришилаётган ютуқлар янада юқори ва самарадор бўлишида ипак қуртининг касалликлари ва зараркунандалари ҳам халал бермоқда. Соҳада энг хавфли касалликлардан бири – пебрина ҳисобланади. Ҳозирги вақтда бу касалликни олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Француз олими Шаплунинг маълумотларига кўра, 1950 йилларда 85-90 фоиз қуртлар пебрина касаллигидан нобуд бўлган. Зеро, қурт боқиш жараёнида уларни касалланиб нобуд бўлиши ҳосилнинг камайишига, пилла сифати ва технологик кўрсаткичларнинг паст бўлишини асосий сабаблардан бири ҳисобланади.

Б.Шарипов ва Чжао Синьхуа ўзаро мулоқот чоғида бу борада ҳам фаол ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Жорий йилнинг апрель ойида мамлакатимизга Хитойдан бир гуруҳ олимлар келиб, тут парвонаси ва пебринага қарши кураш борасида изланишлар олиб борадиган бўлишди.

“Туркистон-пресс”