2018-03-02 07:10:00

ЎЗБЕКИСТОН-ТОЖИКИСТОН: 9 ТА ЧЕГАРА ПУНКТИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси ва қўллови натижасида Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар яхшиланишининг сезиларли ривожланиши кузатилмоқда.

Икки мамлакат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг аниқ мисоли ўлароқ 2018 йил 1 март куни Ўзбекистон-Тожикистон Давлат чегараси орқали 9 та ўтиш пунктлари тантанали равишда очилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати.

“Жартепа” (“Саразм”), “Қушкент” (“Ўра-Тепа”), “Учқўрғон” (“Ҳавотоғ”), “Ҳавастобод” (“Зафаробод”), “Бекабод” (“Ҳаштяк”), “Поп” (“Навбунёд”), “Равот” (“Равот”), “Гулбаҳор” (“Айваж”) автомобиль ўтказиш пунктлари ва “Амузанг” (“Ҳошади”) темир йўли ўтказиш пункти ўз фаолиятини қайта бошлаши кутилмоқда.

“Кўлоб-Москва” йўналиши бўйлаб биринчи йўловчи поезди “Амузанг” (“Ҳошади”) темир йўли ўтказиш пункти орқали 2018 йил 7 март куни қатнашни бошлайди.

Чегара пунктларининг очилиш маросимлари икки мамлакат расмий вакиллари ҳамда туташ туман аҳолиси иштирокида тантанали тарзда ва дўстона муҳитда ўтди.

Икки давлатнинг қардош халқлари сабрсизлик билан кутган мазкур воқеалик эндиликда фуқароларнинг ўзаро қатновини осонлаштиришга имкон яратади, бу эса, ўз навбатида, икки мамлакат дўст халқларининг қариндошчилик алоқаларини сақлашга хизмат қилади. Мазкур қадам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратади.

“Туркистон-пресс”