2018-03-02 12:31:00

ИНДОНЕЗИЯ АЧЧИҚ ҚАЛАМПИРИ ҚЎҚОНДА ЕТИШТИРИЛМОҚДА

Дунёдаги энг харидоргир қалампир навини Қўқон ўрмон хўжалигида етиштириш ва кўпайтириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти

Яқинда 13 нафар аъзодан иборат мамлакатимиз делегацияси Индонезияда бўлиб,қишлоқ хўжалиги, хусусан, қалампир етиштириш ва экспорт қилиш соҳасидаги ютуқларни ўрганиш учун ўзаро тажриба алмашиб қайтишди.

Фарғона вилоятида айни вақтда Қўқон ўрмон хўжалигида 40 гектар майдонга экиш учун Индонезиядан келтирилган аччиқ қалампир уруғи иссиқхона шароитида ундириляпти.

Бу аччиқ қалампир нави биздагига қараганда икки-уч баробар кўп ҳосил бериб, бир гектардан ўртача 40 миллион сўмгача даромад олиш мумкин. Индонезия аччиқ қалампири жаҳон бозорида жуда ҳам харидоргир эканлиги боис у асосан экспортга чиқарилади. Битта қалампир кўчатидан 400-450 тагача мева олиш имкони бор.

Қўқонда етиштириладиган Индонезия қалампирини 90 фоиз хорижга экспорт қилиниши режалаштирилмоқда. Айни кунларда ушбу қалампирнинг табиий ҳолда пишгани, консерва сифатида тайёрланганига катта миқдорда буюртмалар шакллантириляпти. Ҳозиргача Россиянинг деярли барча ҳудудлари, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Польша, Грузия, Молдова сингари ўнлаб мамлакатлар билан келишувларга эришилди.

Мазкур навни аҳоли томорқаларида ҳам кенг кўламда етиштириш кўзда тутилмоқда. 60-80 кунда тайёр бўладиган аччиқ қалампирдан битта оила бир мавсумда ўртача 9-10 миллион сўм даромад олиши мумкин. Шунингдек,Қўқон ўрмон хўжалиги мутахассислари томонидан мазкур қалампир навини вилоятдагифермер хўжаликлари дала майдонларида бошоқли дон экинидан сўнг парваришлаб, мўмайдаромад олиш бўйича керакли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

“Туркистон-пресс”