2018-03-02 13:02:00

«НОЛЬ» ҚИЙМАТ, 2 МИЛЛИАРД СЎМ ИНВЕСТИЦИЯ, 54 ИШ ЎРНИ

Мамлакатимизда бўш турган ва қурилиши тугалланмаган давлатга тегишли бино ва иншоотлардан самарали фойдаланишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ушбу объектлар тадбиркорларга муайян шартлар асосида берилиб, улар негизида муҳим ишлаб чиқариш қувватлари, янги иш ўринлари ташкил этилишига шароит ҳозирланаяпти.

Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Пачкамар маҳалласи ҳудудида жойлашган, анча вақт ишлатилмасдан келган давлат мулки объектини ўтган йили ташаббускор – "Ғузор нур" хусусий фирмаси "ноль" харид қийматида қабул қилиб олганди. Тадбиркорлик субъекти ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга киришди. Натижада замонавий тикувчилик цехи ишга туширилди.

– Тегишли лойиҳага кўра бинодан мақсадли фойдаланиш учун 912 миллион сўм инвестиция киритишимиз, бу ерда 50 иш ўрни яратишимиз лозим эди, – дейди тадбиркор Бунёд Нуриддинов. - Аҳамиятлиси, ушбу мақсадлар учун ҳозиргача сарфланган маблағимиз 1 миллиард сўмга яқинлашди. Бунча пулни бинони таъмирлашга, ишлаб чиқаришга мослаштиришга, зарур ускуналар харид қилишга йўналтирдик. Хориждан 30 дона замонавий тикув машинаси олиб келиб, бир неча турдаги эркаклар кийимлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Амалда 54 нафар хотин-қиз муқим иш ўрнига эга бўлди.

Тадбиркор қўл урган янгиликлардан яна бири мазкур объект ҳудудида сувни тозалаш технологиясининг қўллай бошланганидир. 127 миллион сўм маблағ эвазига хориждан келтирилган замонавий ускуна суткасига 40 тонна сувни тозалаш имконини беради. Ушбу технология ёрдамида сув уч босқичли тозалаш жараёнларидан ўтади, таркибидаги лой ва қумлар ушлаб қолинади, туз ва барча кераксиз зарралар тўлиқ фильтрланади. Натижада ҳар қандай бактерия ёки микроорганизмлар йўқ бўлади.

Бунёд Нуриддиновнинг таъкидлашича, ҳозирги вақтда тозаланган сув машиналар ёрдамида аҳолига етказиб берилаяпти. Келгусида эса сувни махсус идишларда қадоқлаш линиясини ишга тушириш, гипсакартон (қурилиш ашёси) ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсад қилинган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ўтган 2017 йилда Қашқадарё вилоятида инвестиция киритиш мажбуриятлари эвазига танлов асосида "ноль" харид қийматда 65 та давлат мулки объекти тадбиркорларга бепул берилган. Инвесторларга корхоналарни ривожлантириш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, рақобатбардош ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилган. Тузилган шартномаларга кўра, киритилиши лозим бўлган жами сармоя миқдори 116,5 миллиард сўм ва 3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу истиқболли лойиҳаларнинг рўёбга чиқиши натижасида 1600 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

“Туркистон-пресс”