2018-03-05 10:14:00

ТРАНЗИТ ТАЛАБЛАРИ ЕНГИЛЛАШТИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтказиш тартибини янада соддалаштириш бўйича тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан мамлакатимиз ҳудудида транзит қилиш тартиби соддалаштирилди, деб маълум қилди Ташқи савдо вазирлигининг Ахборот хизмати.

Фармонга кўра, Ўзбекистоннинг транспорт салоҳиятини ривожлантириш ва ишончли транзит йўлларини шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб республика ҳудудидан акциз солиғига тортиладиган маҳсулотларни автомобиль ва темир йўл орқали транзит қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан рухсатнома олиш тартиби бекор қилинди.

Шунингдек, ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини транзит қилиш учун Ўзбекистон Республикаси божхона органларининг депозит ҳисоб варағига, тегишли божхона тўловлари суммасини амалга ошириб ва маҳсулот Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетганидан сўнг пул қайтариш тартиби ҳам бекор қилинди.

Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевнинг таъкидлашича, ушбу ўзгаришлар Ўзбекистон ҳудуди орқали юклар транзитини амалга оширишни соддалаштириб, транспорт қатнови ҳажмини янада кўпайтиришга хизмат қилади.

“Туркистон-пресс”.