2018-03-05 15:37:00

НАМАНГАНДА МЕҲР-САХОВАТ ТАДБИРЛАРИ БОШЛАНДИ

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча гўшаларида боқий ва қадимий айём Наврўзи олам нафаси кезиб юрибди. Байрам кунларида ёрдамга муҳтож инсонлар, кексалар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш, уларга беғараз кўмак бериш, жамиятда ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиришга қаратилган савоб ишлар, хайрия тадбирлари ва оммавий ҳашарларни амалга ошириш халқимизга хос фазилатларидан биридир. Баҳорнинг илк кунларидан бошлаб Наманган вилоятида ҳам кенг кўламли хайрли тадбирлари, ҳашарларамалга оширилмоқда, деб хабар бермоқда Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

Хусусан, вилоят “Қишлоқичимликсувтаъминот” маъсулияти чекланган жамияти ҳам байрам арафасида эзгу ташаббус билан чиқди. Яъни, вилоят туманларида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар фарзандларига хатна тўйлари ўтказиб берилмоқда.

Жумладан, Чортоқ тумани марказидаги “Мустақиллик” мажмуасида ташкил этилган саховат тадбирига ҳудудда истиқомат қилувчи беш нафар болажон, уларнинг оила аъзолари таклиф этилдилар. Тадбирда сўз олганлар юртимизда аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, айниқса, ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида қайд этишди. Айнан Наврўз байрами арафасида туманда ташкил этилаётган бундай хайрия тадбири ана шу ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин ифодасилиги таъкидланди.

Тўкин дастурхон атрофида жамул-жам бўлган тўй болаларга ўйинчоқлар жамламаси ҳамда велосипедлар тантанали равишда топширилди.

Наврўз байрамига мана шундай саховат тадбирлари доирасида ҳар бир тумандан жами 100 нафарга яқин оила фарзандларига хатна тўйлариўтказилиши режалаштирилган.

“Туркистон-пресс”.