2018-03-06 08:56:00

НАВОИЙДА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАРГА ҚИММАТБАҲО МАИШИЙ ТЕХНИКА ВОСИТАЛАРИ ТАРҚАТИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори   ижроси юзасидан Навоий вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан туманлардаги олис, чекка қишлоқларда истиқомат қиладиган, эҳтиёжманд, кам таъминланган  оилалар вакилларига шу кунгача 1110 та замонавий маиший техника воситалари  топширилди.

Шундай тадбирлардан бири Нурота туманида ҳам бўлиб,унда туманнинг чўл ҳудудида яшовчи,кам таъминланган оила вакилларига 65 та газ плиталари ва баллонлари топширилди.   Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан кам таъминланган,боқувчисини йўқотган, жисмоний имконияти чекланган инсонлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, амалга оширилаётган бу каби хайрли тадбирлар доирасида вилоятдаги 58 нафар фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида  108 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 99 та оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун 832 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Шуҳрат НОРМУРОДОВ,

“Туркистон-пресс”