2018-03-06 10:17:00

БАДМИНТОН ВА ТЕННИС БЎЙИЧА КУЧЛИЛАР АНИҚЛАНДИ

Навоий шаҳридаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли «Сўғдиёна» спорт мажмуаси ҳамда Навоий давлат кончилик институти қошидаги иккинчи Навоий академик лицейи спорт залида “Баркамол авлод спорт жамоалари” дастуридан ўрин олган спортнинг бадминтон ва стол тенниси турлари бўйича Республика финал босқичи бўлиб ўтди.

 Стол тенниси баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 28 нафар спортчи — ўқувчилар икки кун давомида ўз омадларини синовдан ўтказишди.  Мусобақа давомида Тошкент шаҳри, Тошкент ва Хоразм вилоятлари жамоаларининг устунлиги яқққол сезилиб турди. Кўп сонли мухлислар олқиши остида ўтган ушбу беллашувнинг якуний натижаларига кўра, ўғил болалар ўртасида Руслан Ҳамзаев (Тошкент в.) биринчи, Муҳаммад Ўктамбоев (Хоразм) иккинчи ва Дониёр Маҳкамов (Тошкент ш.) учинчи ўринни банд этишди. Қизлар ўртасида Комила Холиқова (Тошкент в.) биринчи, Мадинабону Маткаримова (Хоразм) иккинчи, Роза Хаджиева (Тошкент в.) учинчи ўринларни эгаллашди.

Навоий давлат кончилик институти қошидаги 2- Навоий академик лицейи спорт залида ўтган бадминтон баҳсларида ҳам барча ҳудудлардан келган 28 нафар ўғил-қиз шоҳсупадан ўрин олиш мақсадида бор имкониятларини ишга солишди. Мусобақа якунида қуйдаги спортчи-ўқувчилар кучли учликдан жой олишди. Ўғил болалар: 1. Темур Тўрахонов (Тошкент ш.), 2. Санжар Бобоқулов (Навоий), 3. Билолиддин Қўчқоров (Андижон).

Қизлар:1. Ширин Шавкатова (Тошкент ш.), 2. Зайнаб Қодирова (Навоий), 3. Моҳигул Каримова (Андижон).

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”