2018-03-06 10:40:00

ИМОМ БУХОРИЙ ХАЛҚАРО МАРКАЗИДА “АРАБ ТИЛИ” БЎЙИЧА ЎҚУВ КУРСИ ОЧИЛДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 5 февралдаги “Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги вакилликлар, масжидлар, халқаро марказлар ҳамда илмий мактабларда “Араб тили” бўйича пуллик ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига кўра, Имом Бухорий халқаро марказида “Араб тили” бўйича ўқув курси ташкил этилди. Бу ҳақда Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар бермоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан маълум қилинишича, ўқув курси давомийлиги уч ой этиб белгиланган. Дарслар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тасдиқланган ўқув-режаси ва ўқув дастури бўйича Имом Бухорий халқаро марказининг илмий ходимларидан иборат ўқитувчилар томонидан ўтказилади.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб Самарқанд вилояти бўйича фуқаролардан тушган аризаларга биноан 40 нафар тингловчи араб алифбосидан дарс машғулотларини бошлаган.

“Туркистон-пресс”