2018-03-06 14:52:00

ИСПАНИЯ БИЛАН ТАЖРИБА АЛМАШИЛАДИ

Маълумки, Испания қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуини ривожлантириш борасида дунёнинг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланади. Испанияда 2017 йили биргина мева ва сабзавот маҳсулотлари экспортининг ҳажми 13 миллиард евродан зиёдни ташкил этди. Агросаноат ва чорвачилик тармоқларидан келган тушумлар бу ҳисобга кирмайди.

Бугунги кунда Испаниянинг энг янги технологияларни ҳамда ноу-хауни амалиётга тадбиқ этган қишлоқ хўжалиги компаниялари янги бозорларда, жумладан, бу соҳада улкан салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишни мўлжалламоқда.

Шу боис жорий йилнинг 12 – 16 март кунлари Испанияда фаолият кўрсатадиган GRUPO CHAMARTIN S.A., ITC S.L., RIEGOS AGRÍCOLAS ESPAÑOLES S.A., SISTEMA AZUD S.A., INNOVACIO TECNOLOGICA CATALANA MONTAJES FERTRI SL, GOIZPER SC JYMPA 1971 SL сингари компанияларининг вакилларидан иборат бизнес-делегация мамлакатимизда бўлади. Улар интенсив қишлоқ хўжалиги, “ақлли суғориш”, иссиқхоналар қуриш ва уларни эксплуатация қилиш ҳамда агросаноат жабҳасининг бошқа йўналишларидаги илғор компаниялар сирасига киради, деб хабар бермоқда “Жаҳон” АА.

– Ўзбекистон катта имкониятга эга бўлган мамлакат ҳисобланади, – дейди Испания Қишлоқ хўжалиги ускуналари ишлаб чиқарувчилари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик департаменти раҳбари О.Амороту. – Испания компаниялари ўзбек шериклар билан бу улкан салоҳиятни ҳаётга тадбиқ этиш учун ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдордир.

Мўлжалланаётган ушбу сафар чоғида испан бизнес-тизимларининг вакиллари AgroWorld Uzbekistan 2018 халқаро кўргазмасида иштирок этишлари баробарида ўзбек ишлаб чиқарувчилари билан музокаралар ҳам ўтказишади.

“Туркистон-пресс”