2018-03-06 15:21:00

НАМАНГАНДА ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Наманган шаҳридаги “Шодиёна” тантаналар мажмуасида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Тантанали маросимга турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган аёллар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, оммавий ахборот воситалари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилди.Бу ҳақида Наманган вилояти ҳокимлигининг Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров вилоятимиз хотин-қизларини байрам билан қизғин муборакбод этди.

Тадбирда давлат ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ аёлларга Республика хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи ва вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тантанали маросимда Мирза Азизов, Яхёбек Мўминов, Севинч Мўминова, Нурбек Маматов, Гули Асалхўжаева каби элимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирок этиб, барчага хушнудлик улашдилар. Вилоят санъаткорларининг чиқишлари ҳам тадбир иштирокчилари томонидан қизғин қарши олинди.

“Туркистон-пресс”