2018-03-07 14:30:00

“ФУТБОЛ ДЎСТЛИК УЧУН” ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

ФИФА ва футбол бўйича 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг расмий ҳамкори бўлган “Газпром” компанияси “Футбол дўстлик учун” халқаро болалар лойиҳасининг олтинчи мавсуми старт олганини эълон қилди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар бермоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади — бутун дунёдаги ёш авлод ўртасида дўстлик, тинчлик, турли миллат ва маданият вакилларига ҳурмат каби юксак инсоний тушунчаларни тарғиб қилишдан иборат. 2018 йилда “Футбол дўстлик учун” лойиҳасида 211та мамлакат вакиллари иштирок этишади. Мавсумнинг якунийтадбирлари 8 июндан 15 июнга қадар Москва шаҳрида бўлиб ўтади.

2018 йилда Ўзбекистон футбол Ассоциацияси мазкур лойиҳада иккинчи марта иштирок этмоқда. Қуръага кўра бу йил Ўзбекистон шарафини яна ёш дарвозабон ҳимоя қилади.

6 март куни ЎФАга қарашли майдонда лойиҳада иштирок этадиган ёш дарвозабонни саралаб олишнинг якуний босқичи бўлиб ўтди. Номзодларни саралаб олиш уч босқичда ўтказилди: спорт кўникмалари ва жисмоний ҳолатни баҳолаш, тил бўйича билимлар синови ва ўзини намоён қилиш қобилияти. Ёш дарвозабонларнинг маҳоратига баҳони Анвар Рашидов (“Пахтакор”), Марат Галимов (“Бунёдкор”) ва Руслан Аҳмедхонов (“Локомотив”) каби тажрибали мутахассислар беришди. Номзодни танлаб олиш жараёнидан кейин ЎФАнинг залида матбуот анжумани бўлиб ўтди..

Матбуот анжумани давомида ёш дарвозабон Муслимбек Абдуманнопов ва ёш журналист Мардон Марупов йиғилганларга таништирилди.

12 ёшли Муслимбек Абдуманнопов “Бунёдкор” клуби академияси тарбияланувчиси ҳисобланиб, 2016 йилдан бери дарвозабон сифатида ўйнаб келади. Унинг шахсий рекорди битта ўйинда 11та сейвни амалга оширгани ҳисобланади.

“Футбол дўстлик учун” лойиҳасини ФИФА, УЕФА, Халқаро Олимпия қўмитаси каби нуфузли ташкилотлар, Халқаро болалар жамғармалари, футбол юлдузлари ва фахрийлари қўллаб-қувватлашади.

“Туркистон-пресс”