2018-03-07 17:48:00

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРЛИГИ: КАРМАНАДАГИ ОВҚАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ ҲОЛАТИ БАРҚАРОРЛАШТИРИЛМОҚДА

Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 2018 йил 6 март куни 13 нафар, Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига 27 нафар бемор “Овқатдан заҳарланиш” бирламчи ташхиси билан ётқизилди. Уларнинг барчасида кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ каби шикоятлар бўлган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон РеспубликасиСоғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

7 март соат 15:00 ҳолатига кўра, Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонасида қолган беморлардан 12 нафарининг аҳволи қониқарли бўлиб, уйларига жавоб берилди. Ҳозирда бир нафар бемор шифохонада даволанмоқда.

Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимидаги беморлардан 10 нафари уйларига жавоб берилди. Шифохонада 17 нафар бемор даволанмоқда.

Айни вақтда шифохоналарда жами 18 нафар бемор даволанмоқда.

Ўтказилган бирламчи эпидемиологик текшириш натижасида қуйидагилар аниқланди. Шикоят қилганларнинг барчаси Кармана туманидаги янги ГРЭС қурилишида ишлаётган “CALIK ENERJI”AS компанияси ишчилари бўлган. Улар соат 12.00 дан 13.00 гача шу ҳудудда фаолият кўрсатаётган “WHITEHOUSE INVESTMENTS’ LTD ошхонасида овқатланган.

Соат 16.00 да бир неча ишчилар кўнгил айниши, қайт қилиш, қоринда оғриқ каби шикоятлар билан “CALIK ENERJI”AS компаниясининг тиббий пунктига мурожаат қилган. Шундан кейин бнморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ва Кармана туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. 2018 йил 6 март соат 22:30 дан кейин тиббий муассасаларга бошқа мурожаатлар бўлмади.

Ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилди. Навоий вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, Кармана туман тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминланган.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош Давлат санитария врачи С.Саидалиев бошчилигидаги гуруҳ 6 март куни Кармана туманига юборилди. Ушбу гуруҳ таркибида, шунингдек, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш инситути директори А.Абдушукуров, институт клиникасининг реаниматологи Б. Наврўзов, Республика Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бўлим мудири К.Боқиев ҳам бор.

Ҳозирда “WHITEHOUSE INVESTMENTS’ LTD ошхонасида тушлик вақтида ишчиларга берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва улардан тайёрланган таомлардан, ташқи муҳит объектларидан ҳамда беморлардан биологик намуналар олиниб, лабораторияда таҳлили учун вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорати марказининг лабораториясига топширилди.

Шифохонада даволанаётган беморларнинг аҳволи қониқарли, оғир беморлар йўқ, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

“Туркистон-пресс”