2018-03-07 18:49:00

АЁЛГА ЭҲТИРОМ – МИЛЛАТГА ЭҲТИРОМ

Бугун мамлакатимизда аёлларнинг жамиятда тутган ўрни ва ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида фахр ва ифтихор билан жуда кўп мисолларга, факт ва далилларга таянган ҳолда узоқ гапириш мумкин. Дарҳақиқат, хотин-қизларга бўлган юксак даражадаги эътибор ва эътироф давлат сиёсати даржасига олиб чиқилгани эндиликда ўзининг юқори самараларини кўрсатмоқда. Биз мамлакатимиз тараққиётини, жамиятимиз ривожини аёлларсиз, уларнинг фаол иштирокисиз тасаввур эта олмаймиз. Шу боис юртимизда аёл ҳуқуқи, эркинлиги, тенглиги энг олий, муқаддас қадрият даражасига кўтарилди.

Кейинги вақтларда Ўзбекистонда бу борада кенг кўламли, катта ҳажмдаги изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қатъий кафолатловчи мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди ва бу жараён такомиллаштириб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, аёлга иззат-ҳурмат, эъзоз-эҳтиром кўрсатиш — миллатга эҳтиром кўрсатишнинг бош омилига айланди.

Бинобарин, жамиятимиздаги сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва тараққиёти аёлларга, ёшларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларнинг билимли, замонавий мутахассис, малакали касб эгалари бўлишлари ҳамда соғлом ва мустаҳкам оила қуришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, биринчи навбатда, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш каби масалаларга давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда.

Ўзбекистонда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани конституциявий принцип ҳисобланади. Конституциямизнинг ХIV боби оила, оналик ва болаликка бағишланган. Ўзбекистон 1995 йили Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчилар қатори БМТнинг "Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида"ги Конвенциясига қўшилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари, Президент фармонлари, Ҳукумат қарорлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юртимиз хотин-қизларининг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мухтасар ифодалаганда, ҳозирги пайтда оила, оналик ва болаликнинг ижтимоий муҳофазаси ҳамда аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи 80 га яқин қонун ва қонун ости ҳужжатлари мавжуд. Мазкур қонун ҳужжатлари асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларда хотин-қизларнинг фаоллиги ортиб, уларнинг барча соҳалардаги иштироки тобора кенгаймоқда.

Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича изчил ва тизимли сиёсатнинг асосий йўналишлари эса, қуйидагилар ҳисобланади:

биринчидан, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатларини бажарилишини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий асосни янада такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

иккинчидан, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларнинг аҳволини доимий равишда ва комплекс мониторинг қилиш, уларнинг оилада, жамиятда ҳамда жамоат ва давлат ишларини бошқаришдаги ролини ошириш;

учинчидан, аёлларнинг бандлигини таъминлаш бўйича самарали чоралар қабул қилиш ва амалга ошириш, уларни ишга жойлаштириш учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, аёллар орасида, айниқса, қишлоқ жойларида тадбиркорликнинг турли шаклларини ривожлантириш;

тўртинчидан, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-ҳуқуқий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аёллар нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун кўмаклашиш.

Умуман, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Зеро, жамият ривожини хотин-қизларсиз, уларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис аёлларнинг оилада ҳам, давлат ва жамоат ишларида ҳам эмин-эркин фаолият юритишлари, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида мамлакат миқёсида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 2 февраль куни имзоланган «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини яна бир янги босқичга олиб чиқувчи муҳим тарихий ҳужжат бўлди.

Фармонда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш мақсадида қўмита фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг янгиланган тузилмалари тасдиқланди.

Эндиликда, 2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ҳар бир фуқаролар йиғинида 1 тадан, оилалар сони 2000 ва ундан ортиқ бўлган фуқаролар йиғинларида эса 2 тадан хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш мақсадида Республика «Оила» илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилаш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш борасида халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш билан бир қаторда «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғояси ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш «Оила» марказининг асосий вазифалари қаторидан жой олди.

Шу билан бирга, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда «Оила» марказининг масъулиятини янада ошириш, ваколатлари доирасини аниқ белгилаб олиш мақсадида қўмита ҳамда марказ, уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбариятининг хотин-қизлар ва оила масалаларини ҳал этишдаги шахсий жавобгарлик чегаралари белгилаб қўйилди.

Фармонга биноан, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Тадбиркор аёл» уюшмасининг оила ва хотин-қизлар масалаларига оид фаоллиги эътиборга олиниб, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилади.

Ҳужжатда кўзда тутилган муҳим масалалардан яна бири бу оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари тузилмаларида «аёллар маслаҳатхоналари»ни ташкил этиш бўлиб, бу маслаҳатхоналар бевосита жойларда ўсмир қизлар ва фертиль ёшдаги аёлларга зарур маслаҳатларни беради.

Муҳим янгиликлардан яна бири шуки, эндиликда Зулфия номидаги Давлат мукофоти 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизларга ҳар бир ҳудуддан икки нафар талабгорга бериладиган бўлди.

Жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган хотин-қизларга эса «Мўътабар аёл» кўкрак нишони берилади.

Ҳақиқатан ҳам, миллат ўз аёлини нечоғли улуғласа, унинг ўзи ҳам шунчалик улуғланади. Миллат ўз аёлини қанчалар шарафласа, ўзи ҳам шунчалар шарафланади. Давлат аёлнинг фаровон турмуш кечириш шарт-шароитини, унинг эркин ҳаёти, ҳуқуқ ва манфаатлари, ор-номуси ҳимоясини қанчалик кенг яратса, аёл ифтихори, унинг қадри, келажак олдидаги масъуллиги учун шунча кенг имконият пайдо бўлади.

Бизнинг Ўзбекистонда ушбу жиҳатларнинг барчаси намоён. Бу юртда аёлнинг бахт оғушида яшаши, саодатманд бўлиши учун ҳамма ҳамма қулайликлар бисёр. Ватанимиз тараққиётидаги шиддатли кўтарилиш, ўсиш ва ўзгаришларда ана шунинг учун ҳам аёл тафаккури, аёл қўлининг залворли иштироки бор. Зеро, аёл ҳамиша, ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида бизга инсонийлик, меҳр-муҳаббат, садоқат, ватанпарварлик туйғуларидан сабоқ бериб туради. Қолаверса, оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар.

Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва аҳиллик каби инсоний туйғуларни янада юксалтириш, фарзандларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлида беқиёс хизмат қилиб келаётган, ҳаётимиз мазмуни, хонадонларимиз фариштаси бўлган муҳтарама онахонларимиз, лобар опа-сингилларимиз, вафодор рафиқаларимиз, барно қизларимиз ўзларининг қутлуғ байрамларини нишонламоқдалар. Уларнинг барча-барчаларини баҳор ва нафосат айёми – 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этамиз. Ватанимизнинг, халқимизнинг, ҳар биримизнинг бахтимизга ҳамиша омон бўлинг, азиз аёллар! Борингизга шукурлар бўлсин!

Шуҳрат ДЕҲҚОНОВ.

“Туркистон-пресс”