2018-03-09 13:35:00

ҚОЗОҒИСТОНДА ЎЗБЕК АДАБИЁТИ ВА МАДАНИЯТИ МАРКАЗИ ОЧИЛАДИ

Қозоғистон Республикасида 2018 йил «Ўзбекистон йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Қозоғистон Евроосиё миллий университети Остона шаҳрида Алишер Навоий номидаги Ўзбек адабиёти ва маданияти марказини ташкил этиш таклифини билдирди, деб хабар қилди Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг Ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Бош директори Л.Тангриев бошчилигидаги делегация аъзолари Қозоғистон Республикаси Остона шаҳрида хизмат сафарида бўлди.

Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон Республикаси Мажлис Парламенти депутати Фахриддин Қаратаев, Қозоғистон ўзбеклари «Дўстлик» маданий маркази раҳбари Икром Хошимжонов, Остона шаҳар ўзбек этномаданий маркази раиси Шерзод Пўлатов билан биргаликда Алишер Навоий номидаги ўзбек адабиёти ва маданияти маркази учун таклиф этилган жойларни кўриб чиқди.

Марказ ташкил этиш учун Л.Гумилев номидаги Евроосиё миллий университети танланди.

Айни пайтда ушбу марказни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий ишлар ниҳоясига етмоқда.

Алишер Навоий номидаги ўзбек адабиёти ва маданияти маркази университетининг Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти аудиторияси, ЮНЕСКО кафедраси, Қозоғистон халқи ассамблеяси, Испан тили маркази билан бир қаторда жойлашади.

“Туркистон-пресс”