2018-03-09 14:59:00

БУХОРО МАҲСУЛОТЛАРИ ТОЖИКИСТОНГА ЕТКАЗИЛМОҚДА

Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги «Баҳор пластикс» Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган кир ювиш воситаларига нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам талаб ортмоқда.

ЎзА хабарига кўра, корхонанинг «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» тамғаси босилган рақобатбардош маҳсулотлари Афғонистон, Қозоғистон ва Тожикистонга ҳам экспорт қилинмоқда. Хорижлик буюртмачилар орасида Тожикистон тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда.

Корхона раҳбарининг айтишича, ўтган йили 390 минг долларлик маҳсулот четга экспорт қилинган бўлса, шунинг ярмини тожикистонликлар буюртмаси ташкил этади. Жорий йилда «буюртма портфели»га асосан хорижга 1 миллион, жумладан, Тожикистонга қарийб 500 минг долларлик маҳсулот етказиб берамиз.

«Баҳор пластикс»нинг вилоятдаги турдош корхонаси ҳисобланган Бухоро туманидаги «Бухоро шатен клеан» масъулияти чекланган жамияти ҳам қўшни мамлакат бозоридан ўрин топишга улгурди. Жорий йилда мазкур субъект томонидан 120 минг долларлик кир ювиш воситалари жўнатилади. Бу ўтган йилдагидан 35 фоизга кўпдир.

Бухоро вилоятидан Тожикистонга тўқимачилик ва бошқа маҳсулотлар ҳам экспорт қилинмоқда. Ўтган йили унинг ҳажми 445 минг доллардан ошди.

 “Туркистон-пресс”