2018-03-13 09:59:00

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМҒАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “huquqiyaxborot” канали маълум қилди.

Қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

– ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммасининг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

– ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштиришга доир ҳокимларнинг қарорлари бажарилмаганлиги юзасидан солинадиган жарималар суммасининг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

– юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик ҳайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари:

– ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, техник реабилитация воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш;

– ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш ва бошқа шу каби мақсадлар учун сарфланади.

“Туркистон-пресс”.