2018-03-13 10:23:00

СУД РАИСЛАРИ ДЕПУТАТЛАРГА ҲИСОБОТ БЕРДИЛАР

Халқ депутатлари Наманган вилоятиКенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ҳокимликнинг гуруҳ ва котибияти раҳбарлари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, тегишли вилоят, шаҳар ва туманлар ташкилотлари мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Вилоят Кенгашининг сессиясида депутатлар дастлаб “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим соҳасини янада ислоҳ қилишда бугунги кундаги долзарб вазифалар тўғрисида” 2018 йил 14 февралдаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар.

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова маъруза қилдилар.

Сессияда шунингдек, вилоят жиноят ва фуқаролик ишлари, вилоят маъмурий ва иқтисодий судлари раислари Давлатмирза Комилов, Абдураҳмон Сафоев, Салоҳиддин Турсунов ва Сарвар Раҳмоновнинг 2017 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида олиб борган ишлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди. Ҳисоботда сўзга чиққанлар ўтган йил якунларини таъкидлаш билан бирга, депутатларни қонунлар тарғиботи ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича бошланган саъй-ҳаракатларда яна ҳам фаол бўлишга, ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирдилар.

Депутатлар сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилдилар.

“Туркистон-пресс”.