2018-03-13 11:20:00

ЎЗБЕКИСТОН-ТОЖИКИСТОН: ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ САҲИФАСИ

Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбек ва тожик халқлари бир-бирига жуда яқин бўлиб, тўй-маросимлари ва урф-одатлари жуда монанд. Уларнинг кийимлари, таомлари, куй-қўшиқлари ва рақслари ҳам айнан бир хил.

Бундан бир йилча олдин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу осон иш эмас, бунинг учун муайян вақт талаб этилади», деб бежиз таъкидламаган эди.

Дарҳақиқат, ўтган бир йил давомида мамлакатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртадаги йиллар давомида йиғилиб қолган гина-кудратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди. Қисқа вақт ичида яхши қўшничилик ришталари анча мустаҳкамланди, ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келди.

Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан биринчи навбатда, оддий одамлар манфат кўрмоқдалар. Айниқса, ўтган ҳафтада Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилганлиги ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимизнинг Тожикистон Республикасига куни-кеча амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат ўртасида конструктив муносабатларни ўрнатиш йўлида бошланган ўзаро саъй-ҳаракатларни янада юқорирок поғонага олиб чиқди. 9-10 март кунлари дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқот ва учрашувлар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро ахамитяга молик қатор масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тожик биродарларимизнинг Ш.М.Мирзиёевни қучоқ очиб кутиб олганлиги ҳаммамизни бениҳоя хурсанд қилди. Ёмғир ёғишига қарамай,минглаб тожикистонликлар олий мартабали меҳмонни кутиб олишга Душанбе кўчаларига чиққанлиги нафақат Президентимизга, балки бутун ўзбек халқига кўрсатилган самимий ҳурматнинг амалдаги ифодасидир. Мустақил Тожикистон тарихида ҳали бирор бир мамлакат раҳбарига бунчалик даражада иззат-икром кўрсатилган эмас.

Икки томонлама музокаралар натижаси ўлароқ узоқ муддатли муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди. Ушбу ҳужжатлар истиқболда икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиш шубҳасиздир.

Умуман, мазкур тарихий ташриф икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди. Эндиги вазифамиз, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

“Туркистон-пресс”.