2018-03-13 16:10:00

ДАВЛАТ ДАСТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШДА ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан «Давлат дастурларининг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналист масъулияти ва ҳуқуқлари» лойиҳаси доирасида республика анжумани, медиа-тур, семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда. Лойиҳада вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда ҳудудий босма ОАВ таҳририятлари бош муҳаррирлари иштирок этяпти, деб маълум қилмоқда “xabar.uz” сайти.

Бугун мазкур лойиҳа доирасида «City Palace» меҳмонхонасида «Давлат дастурларининг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини ўрнатиш: журналист масъулияти ва ҳуқуқлари» мавзусида республика анжумани ўтказилди. Анжуманда иштирок этган бир қатор вазирлик ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, сенатор ҳамда депутатлар, тажрибали журналистлар «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» давлат дастури доирасида олиб борилаётган ишларни кенг оммага етказишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритдилар.

Хусусан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, Нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси Абдумажид Каримов, «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остоновнинг маърузалари ҳамда тавсиялари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, сенаторлар Толибжон Мадумаров, Гавҳар Алимова, депутатлар Мухтабар Ҳусанова ҳамда Тўлқинжон Каримов журналистлар учун қиматли маълумот ва таклифлар билдирди.

Кунинг иккинчи ярмида эса блогерлар Санжар Рустамов (Санжар Саид) ҳамда Даврон Тожиалиев иштирокида журналистлар учун «Жамиятда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ОАВда ва ижтимоий тармоқларда ёритилиши масалалари» мавзусида тренинг ташкил этилди. Тренингда ахборот хизматлари фаолиятини амалга оширишда веб-сайтлар ҳамда ижтимоий тармоқлар имкониятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Лойиҳа эртага ўз ишини якунлайди.

“Туркистон-пресс”.