2018-03-14 09:46:00

ВАРШАВАДА ПОЛЬША-ЎЗБЕКИСТОН САВДО-САНОАТ ПАЛАТАСИ ОЧИЛДИ

Варшавада Польша-Ўзбекистон савдо-саноат палатаси рўйхатдан ўтказилди. Мазкур ССПнинг вазифаси икки мамлакат тадбиркорларига ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш ва потенциал бизнес ҳамкорларни топишда ёрдамлашишдан иборат. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар қилди.

ССПга польшалик тадбиркор, тўқимачилик соҳасида 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери ўзбек шериклар билан ишлаб келаётган КОРАХ Р. К.компанияси раҳбари Петр Козловский раис этиб сайланди.

Раиснинг сўзларига кўра, палата долзарб иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш ва тадбиркорлик фаолияти муаммолари бўйича позицияларни ишлаб чиқиш учун майдонча бўлади. ССП кичик, ўрта ва йирик бизнес манфаатларини ҳимоя қилиб, саноат, ички ва ташқи савдо, қишлоқ хўжалиги, молия тизими, хизматлар ва бошқа йўналишларни қамраб олади. У, шунингдек,иқтисодий ва инвестицион форумларни ташкил этиш билан ҳам шуғулланади.

“Туркистон-пресс”