2018-03-14 13:44:00

МИРЗО УЛУҒБЕК ПИЁЛАСИНИНГ СИРИ НИМАДА?

Лондонда қатор учрашув ва музокаралар ўтказаётган Ўзбекистон делегацияси Британия музейига ҳам ташриф буюрди. Унда мамлакатимиз Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази, Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази раҳбарларидан иборат гуруҳ Британия музейи директори Ҳартвиг Фишер билан учрашди, деб маълум қилмоқда “Жаҳон” АА.

Таъкидлаш жоизки, мазкур музей ўзида 8 миллиондан зиёд ашёларни тўплаган бўлиб, ҳар йили бу ер 7 миллион нафарга яқин кишини қабул қилади. Аҳамиятлиси, унда мамлакатимиз тарихига оид ўта ноёб экспонат – Мирзо Улуғбек сув ичган пиёла ҳам сақланади. Узунлиги 15 сантиметрга тенг бўлган мазкур пиёла юз қисмига “Улуғбек Кўрагон” деб ёзилган. У яшил рангли нефрит тошдан, ўта моҳирлик билан сайқалланган. Идиш банди аждар шаклида бўлиб, оғзи пиёла учини тишлаган, оёқлари эса ерга тегиб туради. Унинг оғиз тегар ери лаб шаклида, унга “Карами Ҳаққа ниҳоят йўқ” (“Аллоҳ таоло каромининг чеки йўқ”) ёзуви битилган.

Ўша вақтлар Мовароуннаҳрда нефрит тоши ноёб саналган. Чақмоқ уришидан сақлаш мақсадида пиёла нефритдан ишланган. Ажабланарлиси шундаки, ушбу тошдан ясалган идишга солинган заҳар ўз таъсир кучини йўқотган. Шу боис, бундай пиёла эгалари ичимликни бехавотир истеъмол қилишган.

Британия музейидаги учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини изҳор этди. Музокаралар натижасида Британия музейи ходимларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, музей фондида сақланаётган мамлакатимиз тарихига оид нодир экспонатларни тадқиқ этиш, уларнинг каталогларини яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг мазкур музейда амалиёт ўташларини жорий қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Мазкур музей Ўзбекистон буюртмасига биноан Мирзо Улуғбек фойдаланган нодир пиёланинг нусхасини тайёрлаб беришга тайёр эканини маълум қилди.

“Туркистон-пресс”