2018-03-14 14:59:00

ОСИЁ ЧЕМПИОНАТИГА ЭНДИ ҲИНДИСТОН МЕЗБОН БЎЛАДИ

Осиё–Океания кураш конфедерациясининг (КСАО) тақвимига асосан жорий йил 22-25 март кунлари кураш бўйича Х Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақида Конфедерациянинг Ахборот хизмати маълум қилди.

Юбилей тарзида ташкил этилаётган навбатдаги қитъа биринчилигига Ҳиндистоннинг Пуна шаҳри мезбонлик қилади. Мусобақалар эркаклар ўртасида 7, аёллар ўртасида 8 вазн тоифасида ўтказилади. Чемпионат дастури доирасида Осиё–Океания кураш конфедерациясининг ижроия қўмитаси мажлиси ва Осиё–Океания кураш конфедерациясиКонгресси ташкил этилади.

Конгресс кун тартибига конфедерация вице–президентлари ва қўмита раҳбарлари ҳисоботларини тинглаш, янги федерацияларни аъзоликка қабул қилиш, курашни янада ривожлантириш бўйича таклифларни муҳокама қилиш ва бошқа масалалар киритилган.

Мусобақа давомида жорий йил Индонезияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида кураш бўйича беллашувларги бошқарадиган ҳакамлар учун махсус ўқув-семинари ўтказилади. Шунингдек, 2017 йилнинг турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган шахсларни тақдирлаш маросими ташкил этилади.

Ҳиндистон Кураш федерациясининг маълуи қилишича, мазкур нуфузли кураш мусобақасини юқори даражада ўтказиш учун барча ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кураш бўйича Осиё чемпионатларига шу пайтгача Тошкент, Шаҳрисабз (Ўзбекистон), Деҳли, Керала (Ҳиндистон), Теҳрон,Машҳад (Эрон), Қобул (Афғонистон), Улан-Батор (Монголия),Байрут  (Ливан) шаҳарлари мезбонлик қилган.

“Туркистон-пресс”