2018-03-15 12:13:00

САНКТ-ПЕТЕРБУРГДА ЎЗБЕКИСТОН БОШ КОНСУЛХОНАСИ РАСМАН ИШ БОШЛАДИ

Кеча, 14 март куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Ўзбекистон Бош консулхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб маълум қилди Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Ахборот хизмати.

Тадбирда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари В.Запевалов, шаҳар Ташқи алоқалар қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи С.Марков, Ленинград вилояти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси А.Минин, ўзбек диаспорасининг вакиллари ва журналистлар иштирок этишди.

Маросимда сўзга чиққанлар Бош консулхона очилгани чет элдаги юртдошларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек Ўзбекистоннинг Россия минтақалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам эканлигини таъкидладилар.

– Шаҳримиз ҳукумати Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда, – деди Санкт-Петербург шаҳри ҳокими Георги Полтавченко ўз табригида. – “Биз ҳамкорликни кенгайтириш, ташрифларни ташкил этишга ўзаро интилишни ва бошқа кўплаб икки томон учун ҳам манфаатли лойиҳаларни юқори баҳолаймиз.

Маълумот учун: Ўзбекистон Бош консулхонаси қуйидаги манзилда жойлашган: Россия Федерацияси, Санкт-Петербург шаҳри, 4-Красноармейская кўчаси, 4А уй.

Телефон: + 7-965-751-20-71.

 “Туркистон-пресс”