2018-03-15 15:10:00

АНДИЖОНДА 50 ТА ХУСУСИЙ БОҒЧА – НАВРЎЗГА МУНОСИБ ТУҲФА

Мамлакатимизда ёш авлодга таълим-тарбия бериш, ўғил-қизларнинг баркамол инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етишида ушбу тизимнинг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 сентябрдаги “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори халқ таълими тизимида соғлом рақобат муҳитини яратиш, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш билан бир қаторда ёшларнинг юқори малакали мутахассис сифатида жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузини оширишида алоҳида аҳамиятга эга.

Мазкур Қарорга мувофиқ, нодавлат таълим муассасалари 2021 йилнинг 1 январигача бўлган муддатда барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) ҳамда меҳнат шартномаси асосида таълим-тарбия жараёнига жалб қилинган хорижий ўқитувчи ва мутахассисларнинг ойлик иш ҳақидан ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилди.

Барча соҳаларда доимо илғорликка интиладиган Андижон вилоятида бу йўналишда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йил вилоятда 325та нодавлат хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 10 таси кўп қаватли тураржойларда, 56 таси бўш ер майдонларида, 217таси фойдаланилмай ётган биноларда, 33таси эса хусусий уй-жойларнинг нотураржойга айлантириш ҳисобига амалга оширилиши белгиланган. Уларнинг 129 таси 50, 109 таси 75, 63 таси 100, 14 таси 150 ўринли бўлади. Бу билан 27 мингнафардан зиёд кичкинтой боғчага жалб қилиниб, 4 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Хусусий болалар боғчаларининг 50 таси Наврўз байрами арафасида очилиши режалаштирилган.

– Мутахассислигим руҳшунос, –дейди янги ташкил этилаётган “Болажон баҳори” нодавлат мактабгача таълим муассасаси раҳбари Умида Ашурова. – Тадбиркорлигим ҳам бор. Анчадан бери икки фаолият турини бирлаштиришни ният қилиб юргандим. Ниятим холис экан, давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида ҳам тадбиркорларга имконият яратгани айни муддао бўлди. Биринчилардан бўлиб хусусий боғча очишга киришдим. Вилоят ҳокимлиги ташаббусимни қўллаб, Андижон шаҳридаги5-кичик даҳа ҳудудида қаровсиз ётган ерни “ноль” қийматида бергани ғайратимизга ғайрат қўшди. Бир ярим ой ичида қуриб битказдик. Бу ишга киришишдан олдин интернет орқали хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ўргандик. Айниқса, Жанубий Кореяда болажонлар учун яратилган шароит ҳавасимизни келтирди. Тарбияланувчиларнинг таомномасидаги витаминли маҳсулотларнинг аксариятини ўзимиз етиштиришимиз учун иссиқхона барпо этдик. Уларнинг ҳар томонлама соғлом бўлишлари учун ёзги ҳовуз ҳам қурдик. У шунчаки, кун қизиганда болаларнинг мириқиб чўмилишлари учунгина эмас, балки сузиш бўйича илк сабоқлар ҳам берилади. Шунингдек, муассасамиз болажонларга рус ва инглиз тилларини ўргатишга ихтисослашади.

Мактабгача таълим муассасаси – таълим ва тарбиянинг биринчи бўғини. Мурғак қалбда инсоний туйғулар, илмга бўлган муҳаббат шу масканда шаклланади. Бу эса,боғча тарбиячиларидан юксак билим ва касбий маҳорат талаб этади. Шу боис тадбиркор Умида Ашурова аввало тажрибали мутахассисларни танлов асосида ишга қабул қилишни режалаштирган. Қолаверса, кичкинтойларни худди ўз укаси ёки синглисидай кўрадиган, уларга бор меҳри ва илмини берадиган коллеж битирувчиларини ҳам ишга олиб, “устоз-шогирд” мактабини яратиш ниятида. Бу билан янги хусусий боғчада 15 нафар кишининг бандлиги таъминланади.

Имконият – ғоя ва мақсадлар рўёби. Умида Ашурова фақатгина хусусий боғча фаолияти билан чекланиб қолмоқчи эмас. Унинг режасида қишки ҳовуз қуриш ва солиқ имтиёзларини янги лойиҳа–хусусий ўрта таълим мактабини очишга йўналтириш ҳам бор.

Ёш авлодни ҳар томонлама етук, комилинсон қилиб тарбиялашдек эзгу ишга балиқчилик тадбиркор ҳам камарбаста.

–Болажон халқмиз-да. Ҳамма яхшиликларни фарзандимизга раво кўрамиз, –дейди фаолиятини бошлашга шай “Билимдонлар дунёси” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Дилфуза Саримсоқова. –Ҳали фаолиятимиз бошланмасдан туриб, ота-оналар болаларини етаклаб келишмоқда. Насиб этса, дилларга масрурлик бахш этадиган Наврўзи айёмиарафасида масканимиз болажонлар билан тўлади. Ҳозирча боғчамиз 70 ўринга мўлжалланган. Кейинчалик тарбияланувчиларимизсонини 150нафарга етказмоқчимиз. Кузатишларим шуни кўрсатдики, болажонларимизнинг зеҳни ўткир. Шунга асосланиб, муассасамизда рус ва инглиз тили ҳамда математика фани интерфаол ўйинлар ёрдамида ўргатилади.

Ҳа, нодавлат таълим муассасалари секторининг кенгайиши, аввало фарзандларимизнинг ҳар томонлама чуқур билим олишларига замин яратади. Бу эса, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳридаги фуқаролар таълим хизматларидан фойдаланишда танловга эга бўлишини таъминлабгина қолмай, ёшларга муносиб таълим-тарбия бериш каби вазифаларни ўз зиммасига оладиган малакали тадбиркорлар сафини янада орттиради. Табиийки, рақобат ривожланишга хизмат қилади.

Дилмурод ПАРПИЕВ,

Андижон вилоятиДавлат солиқ бошқармасижамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси.

“Туркистон-пресс”.