2018-03-15 15:35:00

“ТАДБИРКОРЛАР МУЛОҚОТ ФОРУМИ” ИШБИЛАРМОН ВА ТАШАББУСКОР ЮРТДОШЛАРИМИЗ САФИНИ КЕНГАЙТИРМОҚДА

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Тадбиркорлар мулоқот форуми” доирасида “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришнинг истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда партия ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат Божхона ва Солиқ қўмитаси вакиллари, “Ўзстандарт” агентлиги, Савдо-саноат палатаси масъул ходимлари ва тикув трикатаж йўналишида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди, деб хабар бермоқда O‘zLiDeP Ахборотхизмати.

— Мамлакатимизнинг беш йиллик ривожланиш дастури – Ҳаракатлар стратегиясига асосан барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Клара Жумамуродова. — Ушбу стратегиянинг битта устувор йўналиши бу – иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришдир. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати иктисодиётимизни ривожлантириш, кенг турдаги сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва мамлакатимиз экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган давр мобайнида тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини  ривожлантириш учун қабул қилинган зарур ҳуқуқий база ва қулай шароитлар соҳада олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштирмоқда.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Президентимизнинг “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”, “Тўқимачилик ва тикув трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари  тўғрисида” Фармон ва Қарорлари тадбиркорларга қатор имконият ва имтиёзлар бермоқда. Бундан ташқари, мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимиз тўқимачилик саноатини изчил ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган қатор муаммоларни ечишга хизмат қилмоқда. Пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усули мазкур соҳани жадал ривожлантиришда муҳим омилдир.

Тадбир давомида ўзининг ишбилармонлиги ва ташаббускорлиги билан обрў топиб келаётган тадбиркорларнинг таклиф-мулоҳазалари тингланди.

“Туркистон-пресс”