2018-03-17 08:49:00

“НАВБАҲОР” — “ЛОКОМОТИВ” УЧРАШУВИГА БАРЧА ЧИПТАЛАР СОТИБ БЎЛИНДИ

Наманганлик футбол мухлисларибугун бўлиб ўтадиган “Навбаҳор” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашувни интиқлик билан кутишаётганлиги айни ҳақиқат.

ЎФФ расмий сайтининг хабарига кўра, Ўзбекистон футбол Ассосиацияси Суперлигадан ўрин олган учрашувларни ҳақиқий байрамга айланиши учун бир қатор ишларни амалга оширмоқда.

Айнан бу саъйи-ҳаракатлар самараси ўлароқ стадионларга яна  мухлислар қайтмоқда. Қолаверса, учрашувларни муросасиз ва кескин тарзда кечаётганлиги ҳам ишқибозларни хурсанд қилмоқда.

Хабарингиз бор, “Навбаҳор” футбол клуби ҳам Суперлига ўйинларига ўзига хос тайёргарлик билан кириб келди. Хусусан, “Навбаҳор” футбол клубининг тақдимот маросими ҳам катта байрамга айланиб кетганди. Ўтган вақт давомида Наманган шаҳридаги “Марказий” ўйингоҳда кенг қўламдаги ишлар олиб борилди. Биринчи навбатда ўйингоҳ Ўзбекистон профессионал футбол лигаси талабларидан келиб чиққан ҳолда жиҳозланди.

Мухлислар учун қулайликлар яратиш ва уларнинг талабини қондириш мақсадида ўйин пайтида стадион атрофида 12та савдо шаҳобчалари ишқибозлар хизматида бўлади. Шунингдек, клуб атрибутикалари билан савдо қиладиган дўкончалар ҳам ташкил этилиб, “Навбаҳор” рамзи туширилган, футболка, поло, шарф ва кепкалар сотилмоқда. Бундан ташқари, мухлислар учрашувни томоша қилишга оилавий ташриф буюришлари учун ўйингоҳда оилавий сектор ҳам ташкил этилди.

Олдинлари учрашувлар учун чиқарилган чипталар фақат ўйин кунлари сотувга чиқариларди. Бу йилдан бу борада ҳам янгиликка қўл урилди. Яъни, учрашувга кириш чипталари 14 мартдан сотувга чиқарилди. Чипталар Наманган шаҳридаги учта йирик бозор ва ўйингоҳ кассаларида сотилди. Шуни айтиб ўтиш жоизки ўйин учун чиқарилган чипталарнинг асосий қисми бугунги кунга келиб сотиб бўлинди.

"Навбаҳор" - "Локомотив" учрашувига барча чипталар мухлислар томонидан харид қилинди. Бу эса 17 март куни 21 913 нафар мухлисни ўз бағрига сиғдирадиган “Марказий” ўйингоҳда бўлиб ўтадиган учрашувга қизиқишни жуда юқори эканлигидан дарак бермоқда. Чипта олмоқчи бўлган мухлислар навбатда туриб ҳам чипталар харид қилишди. Бир сўз билан айтганда “Навбаҳор”  ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги учрашувда стадион мухлислар билан тўлиши ва Наманганда катта футбол байрами нишонланиши аниқ.

Ўйин бошланишидан аввал стадионга йиғилган мухлислар учун эстрадамиз юлдузлари чиқиш қилади. Жумладан, Намангандаги мавсумнинг очилиш учрашувида Ўзбекистон футбол Ассоциацияси томонидан стадионга келадиган мухлислар учун совға сифатида эстрадамиз юлдузлари куйлайди. 

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджоновни “Навбаҳор” – “Локомотив” учрашувини томоша қилиш учун Наманганга ташриф буюриши ҳам наманганлик мухлисларнинг хурсанд қилмоқда.

“Туркистон-пресс”