2018-03-17 10:38:00

УЛУҒНОРДА O‘ZLIDEPНИНГ ЭНГ ЗУККО КИТОБХОНИ АНИҚЛАНДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Улуғнор туман кенгаши “Ёшлар  қаноти” томонидан тумандаги Мингбулоқ агросаноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи-ёшлар ўртасида  “O‘zLiDeP китобхони” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирнинг 1-қисми интеллектуал ўйин тарзида ташкил қилинди. “Зинама зина” йўналишидаги турли савол-жавоблар, мутолаа борасидаги қизғин баҳслар орқали “O‘zLiDePнинг энг зукко китобхони” аниқланди.

Тадбирда сўз олган Халқ депутатлари Улуғнор туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Гулчеҳра Бобожонова ҳамда партия туман кенгаши ижрочи котиби Гавҳарой Абдувоситовалар партиянинг “Ёш либераллар” клуби, “Келажак депутатлари” гуруҳи тўғрисида ҳам атрофлича маълумот беришди.

Тадбирнинг 2-қисмида иштирокчилар ўртасида “Менинг севимли қаҳрамоним”, “Менинг севимли китобим” мавзуларида суҳбат ўтказилиб, ўқувчилар ўзлари ўқиган китоблари юзасидан фикр алмашдилар.

—Бугунги тадбир биз ёшларнинг китобхонликдаги билимларимизни синовдан ўтказиш билан бир қаторда китобнинг инсон камолотидаги ўрни нақадар беқиёс эканини яна бир карра намоён этди, — дейди зукко китобхон, коллеж ўқувчиси Машрабжон Меҳмонов. — Биз ёшлар ана шундай тадбирларнинг янада кўпроқ ўтказилиши тарафдоримиз. Бу борада O’zLiDeP бошқа ташкилотларга ўрнак бўлаётир.

Якунда зукко китобхонларга партия Андижон вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”