2018-03-23 08:59:00

МИРАЪЛАМ МИРЗАЕВ ВА УНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИГА НИСБАТАН ТЕРГОВ ҲАРАКАТЛАРИ ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Тошкент прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мираълам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи ва ўғли пора олиш ва бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда “Газета.uz” сайти хабар бермоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари Мираълам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи ва ўғли иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини хабар қилди.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг собиқ бош прокурори Рашитжон Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида олиб борилмоқда. Аввалроқ Бош прокуратура Мираълам Мирзаев ва унинг оила аъзолари қўлга олинганини инкор этган эди.

«Агар Сиз кўрсатилган шахслар томонидан содир этилган пора олиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ёки бошқа жиноий қилмишлар оқибатида жабрланувчи ёки гувоҳ бўлган бўлсангиз, Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилишингиз ёки 233−63−33, 236−00−76 телефон рақамлари орқали хабар беришингиз мумкин», — дейилади хабарда.