2018-03-23 18:35:00

БОҒИ БОБУРДА ТАЙЁРЛАНГАН 2 ТОННАЛИК ОШ БАЙРАМ ДАСТУРХОНЛАРИНИ БЕЗАДИ

Андижоннинг сўлим ва нурафшон гўшаси — Боғи Бобурда Наврўз тантаналари ўзига хос тарзда байрам сайли бўлиб ўтди. Уч юз гектарлик майдонни эгаллаган бу жойда қадрият ва анъаналаримизнинг ўзида мужассам этган миллий байрам тантанаси эрталабдан кечга қадар давом этди.

— Барча шаҳар ва қишлоқларда Наврўзнинг тарихи, мазмуни ва фалсафасини, ушбу байрамни ўтказиш билан боғлиқ урф-одатлар, қадриятлар моҳияти ва аҳамиятини ўзида мужассам этаётган оммавий сайллар шукуҳи Боғи Бобурда акс этиб турибди, — дейди Андижон давлат тиббиёт институтининг проректори Ғуломиддин Ҳожиматов.

Халқ сайлида халқона ўйинлар, фольклор санъатининг энг яхши намуналарига кенг ўрин берилди. Байрам муносабати билан  барча ҳудудларда ибратли оила, маҳалла, мактаб, моҳир лапарчи, хонанда ва бошқа йўналишларда кўрик-танловлар ўтказилгани эътиборли.

— Байрам тадбирларида кексалар, меҳнат фахрийларига алоҳида эътибор кўрсатилгани,   эъзозу эҳтиромга лойиқ кўрилганидан қувондик, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Тожибархон Йўлдошева. — Дуога қўл очиб ўтирган нуроний оқсоқоллар, мунис онахонлар ёшларга қанот бўлиб, уларни хайрли ишларга сафарбар этиб, осойишта замину мусаффо осмонимизга шукроналар келтирдилар.

Андижонликлар қалбига баҳорий кайфият, олам-олам қувонч олиб кирган тадбирнинг энг унутилмас нуқтаси  2 тонналик  палов бўлди. Байрам  қатнашчиларини хайратга солган бу ўзига хос тадбир хақида бош ошпаз, Андижон шаҳридаги “Нодира” ресторани таомпази Хуршидбек Ҳасанов шундай дейди:

— Тайёргарликни уч кун аввал бошладик. 400 кг қўй гўшти, 150 кг ёғ, 50 кг думба ёғи, 400 кг сабзи, пиёзу зираворлар паловга кетадиган масаллиқлар тайёр қилинди. Фақат ўрик дарахтининг ўтини ёқилди. Эрта тонгдан қозонга ёғ қуйилди. 12 нафар ошпаз дошқозон атрофида парвона бўлди.

Ош пишганда қизиқувчилар кўпайганда кўпайди.

Санъаткорларнинг концерт дастури ва бошқа тамошалар қатори Андижонча палов  қалбларда унутилмас бўлиб қолди. Байрам таоми вилоятдаги Мурувват ва Болалар уйларида ёзилган Наврўз дастурхонларини безади.

 

“Туркистон-пресс”