2018-03-25 11:06:00

МИЛЛИЙ ЯРАШУВ — АФҒОН НИЗОСИНИ ҲАЛ ҚИЛИШНИНГ БОШ ОМИЛИ

Шу кунларда Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш муаммоларига бағишлаб “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида олий даражадаги конференцияга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинаётган ушбу анжуман жорий йилнинг 26-27 март кунлари пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон жафокаш афғон заминида тинчлик ўрнатилишидан энг кўп манфаатдор давлат ҳисобланади. Бугун Ўзбeкистон қўшни мамлакатда узоқ муддатли барқарорлик ва тинчлик сақланишининг қатъий тарафдори сифатида Афғонистонга нисбатан анъанавий тарзда яxши қўшничилик ва дўстона сиёсат юритаётганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистоннинг афғон муаммоси юзасидан тутган тинчликпарвар позициясини мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўзининг қатор чиқишларида, хусусан, 2017 йилнинг сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида батафсил баён қилган эди. Президентимиз, жумладан, “Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти бўлиб қолади. Аминмизки, Афғонистонда тинчликка эришишнинг ягона йўли — марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришдир. Музокаралар афғонистонликларнинг ўзлари ҳал қилувчи ўрин тутадиган ҳолда, Афғонистон ҳудудида ва БМТ шафелигида ўтиши лозим. Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақлидир”, деб алоҳида таъкидлаган эди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон афғон муаммосини ҳал қилиш юзасидан ташаббусларини нафақат сўзда, балки ўзининг амалий саъй-ҳаракатлари орқали ҳам намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозир мамлакатимиз Афғонистоннинг иқтисодий инфратузилмасини ривожлантириш ва ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, Афғонистон тарихида илк темир йўл (Термиз – Ҳайратон – Мозори Шариф йўналишида) бундан 5-6 йил илгари ўзбекистонлик қурувчилар томонидан бунёд этилди ва фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон қўшни мамлакатга шифохоналар, мактаблар, автомобиль йўллари, кўприклар қуришда ҳам баҳоли қудрат ёрдам кўрсатмоқда. Бугун Кобул шаҳри Ўзбекистондан етказиб берилаётган электр энергияси ҳисобидан ёритилмоқда. Жорий йилдан бошлаб 100 нафарга яқин афғонистонлик ёшлар ўзбек тилини ўрганиш, темир йўл ва бошқа мутахассисликларни эгаллаш мақсадида Термиз шаҳрида таҳсил олишни бошлади.

Ушбу мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, афғон заминида ўзининг бир ёқлама, тор манфаатларини илгари суришга интилиб келаётган баъзи давлатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон ўз эътиборини Афғонистондаги ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратиб, бу борада халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга интилмоқда.

Ҳозирги кунда Афғонистондаги вазият, афсуски, анча мураккаб бўлиб, ички низо ва қарама-қаршиликлар ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда. Энг ёмони, келажакда ушбу вазият янада кескинлашиб, бевосита Афғонистонга қўшни бўлган ҳудудларда, хусусан,  Марказий Осиё минтақасида кескинлик ва беқарорлик ҳолатинининг вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиз раҳбари 2017 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги конференцияда Марказий Осиё, жумладан, Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро миқёсдаги қўшма саъй-ҳаракатларнинг кенг қамровли дастурини таклиф этди.

Самарқанддаги халқаро анжуманда сўзга чиқар экан, Ўзбекистон Президенти хавфсизликка таҳдидларни “ўзиники ва ўзгаларники” деб ажратишдан воз кечиш, “ялпи хавфсизлик” тамойилига амалда риоя қилиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Ҳақиқатан ҳам, Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантириш мамлакатимиз ташқи сиёсатининг бош мақсади ҳисобланади. Шу билан бирга, Афғонистондаги низони ҳал қилмасдан туриб, ушбу мақсадга эришишнинг иложи йўқ. Чунки у тарихий ва геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиё минтақасининг ажралмас бўлаги ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Афғонистонда тинчлик ўрнатиш нафақат афғон заминида, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётнинг муҳим омили саналади. Қолаверса, Афғонистонда узил-кесил тинчлик ўрнатиш орқали Марказий Осиё давлатлари Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига чиқишнинг энг қисқа йўлига эга бўлиши, Ҳиндистон, Эрон ва Покистонни Европа ва Яқин Шарқ мамлакатлари бозорларига ўз маҳсулотларини экспорт қилиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатиш масалалари юзасидан амалий музокараларни йўлга қўйиш, ушбу мамлакатда миллий ярашув жараёнини кенг қўллаб-қувватлаш учун қулай муҳит яратиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Тошкент анжумани Афғонистоннинг расмий ҳукумати ва асосий кучлар, хусусан, “Толибон” ҳаракати ўртасида ҳеч қандай дастлабки шартларни илгари сурмасдан, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш зарурияти борасидаги умумий нуқтаи назарни шакллантириш мақсадида ташкил қилинмоқда.

Айни кунларда конференцияни ташкил қилишга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани қатнашиши ва сўзга чиқиши кутилмоқда.

Анжуманда 20дан ортиқ мамлакат ва халқаро ташкилотлар делегациялари, хусусан, БМТнинг Афғонистонга кўмак кўрсатиш бўйича миссияси раҳбари Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий комиссари Федерика Могерини, АҚШ давлат котиби ўринбосари Томас Шеннон, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф, Покистон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Асиф, шунингдек, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ҳиндистон, Япония, Туркия, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари расмий делегацияларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкентда бўлиб ўтадиган мазкур халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ва бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб қилинишини таъминлашда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

 қўмитаси аъзоси

(“Туркистон-пресс”).