2018-03-25 18:28:00

УЧҚЎРҒОНДАГИ ЁШЛАРНИНГ СЕВИМЛИ СПОРТ МАСКАНИ

Наманган вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги 20-сонли футбол (спорт) давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати вилоят марказидан бироз олисда, аниқроғи, Учқўрғон туманида жойлашган. Туман марказидаги “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги мазкур мактаб- интернати 2002 йилда кўп тармоқли спорт йўналишидаги иқтидорли таълим маскани сифатида ишлаб бошлаган бўлса, 2009 йилдан бошлаб ҳозирги ном остида фаолият юритиб келмоқда.

Спортнинг футбол, бокс, белбоғи кураш, кураш ва эркин кураш йўналишларида таҳсил олаётган 264 нафар ўғил болалардан иборат спортчи-ўқувчилар учун мактабда  шароитлар етарлича.  Машғулотлар учун спорт заллари ва  майдончалари, ҳар бир фан учун алоҳида жиҳозланган синфхоналар, овқатланиш учун ошхона, ётоқхона, хуллас, барчаси бадастир. Тажрибали 18 нафар фан ўқитувчилари, 12 нафар спорт мураббийлари қўл остида таълим-тарбия олаётган ўқувчилар машғулотларга зўр иштиёқ билан киришаётгани боис, турли фан ва спорт йўналишларида ташкил этилаётган мамлакат миқёсидаги  беллашувларда совринсиз қайтишмаётгани қувонарли.

Мактаб маъмуриятининг бизга берган маълумотларига кўра, ҳар йилги ўқув мавсумида ёки таътил пайтларида белгиланган режага мувофиқ ўтказилаётган мусобақаларда мактаб-интернатда мавжуд спорт турлари бўйича ўқувчиларнинг кучли учликда бўлгани  таҳсинга лойиқ. Келинг, шу ўринда биргина ўтган 2017 йил ҳамда жорий йилнинг уч ойида давомида эришилган муваффақиятлардан айримларини фикримиз исботи сифатида мисол келтирсак. Демак, ўтган йилнинг 17-22 март кунлари Қозоғистонда бокс бўйича ташкил этилган халқаро турнирда уч нафар  ўқувчи учта бронза медали, 12-15 май кунлари Чимкент шаҳрида 2001-2002  йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бокс бўйича жаҳон кубогида эса иккита ўқувчи олтин ва кумуш медалга эгалик қилган.

Май ойида Термиз шаҳрида Ўзбекистон кубоги баҳсларида (бокс) бронза медали, ноябрь ойида Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида ўтган бокс бўйича мамлакат очиқ биринчилигида 1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза, 2018 йил 28 февраль-2 март кунлари Россиянинг Магадан шаҳрида бокс бўйича 2002-2003, 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган халқаро турнирда иштирок этган шу маскан тарбияланувчиси Фазлиддин Эркинбоев барча рақибларини енгиб, фахрли биринчи соҳибига айлангани бокснинг мактаб-интернатда яхши йўлга қўйилганидан далолат.

 Футбол бўйича  интернат жамоаси ҳам бир қатор совринларга эга чиқишган. Жумладан, 2017 йил 26 апрель - 2 май кунлари Бухоро туманида футбол бўйича Республика очиқ турнирда учинчи ўрин ва бронза медали, 29 июль - 3 август кунлари Жиззах шаҳрида 2004-2005 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасидаги очиқ турнирда иккинчи ўрин ва кумуш медаль, 3-7 декабрь кунлари Андижон шаҳрида ўтган вилоят очиқ биринчилигида учинчи ўрин ва бронза медаллари мактаб-интернати ўқувчилари сазовор бўлишган.

Кураш турларига ошно ўқувчилар ҳам медаль тўплашда ортда қолмаётганликларини кўриш мумкин. 2017 йил 15-17 август кунлари Наманган шаҳрида эркин кураш бўйича вилоят биринчилигида 2 та кумуш, 1 та бронза, ноябрь ойида Тошкент вилояти Келес шаҳарчасида кураш бўйича халқаро турнирда бронза медали, 4-5 декабрь кунлари Уйчи туманида 2004-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Канституциясининг 25 йиллиги муносабати билан ўтган вилоят очиқ биринчилигида 2 та олтин, 3 та бронза, 2018 йил 9-10 январь кунлари Тошкент шаҳар Миробод туманида кураш бўйича 1998-2000 йилларда туғилган ёшлар ўртасида мамлакат очиқ турнирида 1 та олтин, 1 та кумуш медаллари қўлга киритилган. Бу каби натижаларни яна бир қанчасини кўрсатиш мумкин, бироқ биз шу ўринда 2017 йил сарҳисоби бўйича мактаб-интернат спортчи-ўқувчиларининг қуйида жами қўлга киритган медалларига эътибор қаратиш билан кифояландик — олтин медаллар — 34 та, кумуш медаллар — 59 та, бронза медаллар — 79 та.

Шунингдек, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ишлар жараёнининг ҳам талаб даражасида ташкил этилиши, китобхонлик, ўқувчиларнинг фан ва спорт тўгаракларида фаол иштироки, мазали ва калорияга бой тўйимли овқат билан таъминланиши, санитария- гигиена ҳолатлари яхши бўлиши каби ишлар мактаб-интернати директори Икромжон Абдурасулов раҳбарлигидаги жамоанинг диққат марказида. “Оила, маҳалла, мактаб” ҳамкорлиги маркази ташкил этилгани боис бу марказда жамоатчилик кенгаши иштирокида муаммо ва камчиликлар муҳокама қилинади, ўқув-тарбиявий жараёнларни кучайтириш борасида таклифлар ўртага ташланади.  Мактабда  байрам саналари шунчаки ўтмайди. Ўқитувчи ва мураббийлар шогирдлари иштирокида ҳар бир байрамга ўзгача тайёргарлик кўриб, уни кўтаринки руҳда ўтказиши одат тусига кирганлиги ҳам ўқувчи-ёшларнинг маънавияти бойишига хизмат қилмоқда.

Олимпиада чемпионлари, Осиё ва жаҳон чемпионати совриндорларини мактабга таклиф этилиши ва маҳорат сабоқлари дарслари ташкил этилиши ўқувчиларнинг ҳавасини оширишга туртки бўлаётганини сезиш мумкин. Яқинда шундай чемпион билан учрашув ўтказилди. Унда меҳмон 23 ёшгача ўсмирлар ўртасида осиё чемпиони Одилбек Хамробеков ҳамда 97 ёшли футболнинг ашаддий мухлиси Ҳакимжон ота Дадажонов эди. Мактаб ўқувчиларнинг хурсандчиликдан порлаган кўзарини кўрсангиз. Ҳар бирининг онгу-шуурида бир ният  — келажакада яхши инсон бўлиб, шу Ватан учун муносиб хизмат қилиш, чемпион бўлиб, юртни улуғлаш. Яна бир гап. Мақтаяпти демангу, ушбу таълим масканидаги экооламни кўрган кишининг ҳаваси ортиши ҳақиқат. Ҳар бир синфхона ва йўлакчалар рахига қўйилган ва меҳр билан парваришланаётган хона гуллари гўё гулзорга монанд. Ҳовлидаги гулзорга-ку гап йўқ. Айни баҳорда янаям жозибали.  Боз устига мўъжазгина иссиқхона ва лимонлар сап-сариқ бўлиб пишган. Ҳовлининг кун ботиш томонининг бир ёнида сигир-бузоқлар, бир ёнида қўй-қўзи ва товуқлар боқилади.

—Бу ўқувчиларимизнинг ризқи, —  дейди тиниб-тинчимас, ташаббускор раҳбар Икромжон Абдурасулов. Ҳа, тўғрида, мактаб эҳтиёжи учун мактабнинг бўш турган томорқасидан унумли фойдалиниш кони фойдаку? Ахир бугуннинг далзарб талабларидан бири ҳам шу эмасми? Аммо бу каби деҳқончилик, чорвачилик ва паррандачилик сингари хўжалик ишлари мактабда анча йил олдин йўлга қўйилганига ота-оналар раҳмат айтаётгани ҳам рост.  Хулласки, мактаб-интернат аҳил ва иноқ жамоаси “Олма пиш, оғзимга туш” қабилида эмас, балки бугуннинг талаби билан олға қадам ташлаётгани аниқ.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс”