2018-03-26 13:50:00

ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРИ БИЛАН ИМПОРТ ҚИЛИНАДИГАН ТОВАРЛАР УЧУН ЯНГИ ИМТИЁЗЛАР БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 24 март куни «Ташқи савдони янада эркинлаштириш ва савдо операцияларининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва «Ўзстандарт» агентлигининг Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин мажбурий инспекциядан ўтказиш тартиботи бекор қилинмоқда.

Эндиликда Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш ихтиёрий асосда амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарларни юклашдан олдин инспекциядан ўтказиш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига ваколатли орган томонидан халқаро стандартлар талабларига мувофиқ аккредитация қилинган инспекция органлари эга ҳисобланади.

Инспекция органларининг хизматлари, шу жумладан, юк ортишдан олдин инспекциядан ўтказиш хизматлари учун ҳақ тўлаш уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги банкларда очилган ҳисобрақамлари орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасига импорт қилинадиган товарлар сифати, миқдори ва нархларининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази» ДУКда рўйхатдан ўтган импорт контрактлари шартларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриш учун жавобгарлик импорт қилувчининг мансабдор шахслари зиммасига юклатилади.

“Туркистон-пресс”