2018-03-26 13:59:00

ЖИГАР ТРАНСПЛАНТАЦИЯСИ АМАЛИЁТИ ЎТКАЗИЛГАН БЕМОР ШИФО ТОПИБ УЙИГА ҚАЙТДИ

Ўзбекистонда биринчи марта жигар трансплантацияси амалиёти муваффақиятли ўтказилган бемор — паркентлик 26 ёшли Убайдулла Дадахўжаев бугун шифо топиб уйига қайтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, жигарнинг терминал босқичдаги сурункали диффуз касалликлари, ўткир жигар етишмовчилиги, резекция қилинмайдиган манбали жигар касалликлари каби ҳолатларда фақатгина шу аъзо трансплантацияси бемор ҳаётини сақлаб қолиши мумкин. Бундай юқори технологик операциялар Америка, Россия, Германия, Норвегия, Швейцария ва Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган давлатлардагина бажарилади, холос. Бугун юртимиз ҳам ушбу мамлакатлар қаторидан жой олгани қувонарлидир. 

— Трансплантология амалиётини бажаришга тиббиёт муассасамизда катта тайёргарлик кўрилди, — дейди академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг портал гипертензия ва панкреатодуоденал соҳа хирургияси бўлими бош илмий ходими, тиббиёт фанлари доктори, профессор Андрей Девятов. — Марказимизнинг техник имкониятлари яхшиланди, мутахассисларимиз АҚШ, Франция, Жанубий Корея, Туркия, Швейцария ва Россия Федерацияси каби давлатларда малака ошириб қайтди. Беморга унинг акаси 30 ёшли Ҳаёт Дадахўжаев донорлик қилди. Ва ниҳоят 15 соат давом этган операцияни муваффақиятли якунлашга эришдик. Ҳозир беморнинг ҳам донорнинг ҳам аҳволи яхши. Бемор тавсияларимизга тўла амал қилса, у тезда бутунлай соғайиб кетади.Бу нафақат беморга, унинг яқинларига ҳам улкан қувонч бахш этди.

“Туркистон-пресс”