2018-03-26 18:23:00

СИРДАРЁЛИК ЁШ ФЕРМЕРЛАР “ЎЗЭКСПОМАРКАЗ”ДА 26 МИЛЛИОН СЎМЛИК ШАРТНОМА ИМЗОЛАШДИ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят кенгаши ҳамда O’zLiDeP вилоят кенгаши ҳамкорлигида вилоятда фаолият юритаётган ёш фермерлар учун “Ўзэкспомарказ”да ўтказилган “Қишлоқ хўжалиги-Agro World Uzbekistan-2018” халқаро кўргазмасига “Бизнессаёҳат” уюштирилди.

Кўргазма доирасида сирдарёлик ёш фермерлар Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Бельгия, Италия, Испания, Германия, Қозоғистон, Хитой, Латвия, Жанубий Корея, Нидерландия, Россия, Туркия, Украина, Франция каби 20 га яқин давлатнинг 100 дан ортиқ компания ҳамда маҳаллий қишлоқ хўжалиги корхоналарининг кўргазмаларини томоша қилиш баробарида соҳага доир энг янги техника ва технологиялар билан танишиш имконига эга бўлдилар.

—Мамлакатимизда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, соҳаларига замонавий техника ва технологияларни жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди “Ёш фермер-2017” Республика кўрик-танлови иштирокчиси, Гулистон туманидаги “Сарвиноз Собиржоновна файзи” фермер хўжалиги раҳбари Сарвиноз Шокирова. — Давлатимиз раҳбарининг  “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Кўргазма давомида ёш фермерларимиздан С.Шокирова, Мирзаобод туманидаги “Сатторқул авлоди” фермер хўжалиги раҳбири Ж.Исломов ҳамда “Маҳмуд қизи Мафтуна орзуси” фермер хўжалиги раҳбари М.Мамажоновалар ООО “UZBIOGAZ” биогаз ускуна ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхона билан жами 26 млн. сўмлик шартнома имзолашди.

“Туркистон-пресс”