2018-03-28 12:04:00

САМАРҚАНДДА НАВРЎЗ БАЙРАМИ САЙЛИГА МИНГЛАБ ХОРИЖЛИК САЙЁҲЛАР КЕЛИШДИ

Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Самарқанд шаҳрига Наврўз байрами сайли арафасида кўп сайёҳ ташриф буюриши инобатга олиниб, 87 та меҳмонхонада 3200 та жой брон қилинди. Сайёҳлар учун шаҳар марказидаги 40 дан ортиқ ошхона, ресторан ва кафелар шай ҳолатга келтирилди.

Самарқанд шаҳридаги 79 та меҳмонхонага 2 минг 93 нафар хорижий, 5 минг 211 нафар маҳаллий меҳмонлар жойлаштирилди. 174 нафар Қозоғистон, 1 минг 832 нафар Тожикистон фуқаролари ўз қариндош-уруғлари хонадонида меҳмон бўлишди.

Регистон майдонида 5 кунда сайёҳлар сони 36 минг нафарни (2 минг нафари хорижий), Имом Бухорий мажмуасида 24 минг нафарни ташкил этди.

Экскурсиялар билан боғлиқ ташкилий тадбирларда туристик фирмалар томонидан йўл, транспорт, овқатланиш ва гид-таржимонларни бириктиришда имтиёз ва чегирмалар асосида хизматлар кўрсатилди.

“Туркистон-пресс”