2018-03-28 14:17:00

САРВАР ОТАМУРАТОВ: АФҒОНИСТОН ТИНЧЛИГИ ВА БАРҚАРОРЛИГИ САРИ МУҲИМ ҚАДАМ

Пойтахтимизда “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида ўтказилган халқаро конференция қўшни Афғонистон заминида 40 йилдан буён давом этаётган қуролли қарама-қаршиликка тинч йўл билан чек қўйиш, бу ҳудудда тинчлик-осойишталик ўрнатиш, иқтисодий-сиёсий барқарорликни, афғон халқининг хотиржам ва фаровон ҳаётини таъминлашга қаратилгани билан долзарб аҳамиятга эга.  

Афғонистонни қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар алоқалар тизимига жалб этиш бўйича умумий саъй-ҳаракатлар бу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни тинч ҳаётга қайтариш жараёнига сезиларли ҳисса қўшади. Зеро, афғон заминида тинчлик ўрнатилиши нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун Евроосиё қитъасидаги барча давлатлар учун янги имкониятлар эшигини очади, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда муҳим ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур халқаро конференцияда Президентимиз нутқ сўзлади. Юртбошимиз ўз нутқида Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда ҳаёт кечирганини, афғон заминида Марказий Осиё Уйғониш даврининг Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк намояндалари ва бошқа кўплаб улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилганини алоҳида таъкидлади. 

Дарҳақиқат,  азал-азалдан умумий муқаддас дин ва уйғун маънавий қадриятлар бирлаштириб келган икки халқнинг ижтимоий-маданий ҳаёти муштарак. Айни пайтда ҳам Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар истиқомат қилади. Афғонистон Конституциясига мувофиқ ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади.

Президентимиз таъбири билан айтганда, афғон халқига четдан тиқиштирилган “уруш олови” оқибатида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди. Мамлакат ривожланиш ва тараққиётдан ортда қолди, жафокаш халқ эса уруш ва можаролардан, қийинчиликлардан чарчади. Ўзаро қарама-қаршиликлар кескин тус олиб, катта муаммога айланиб бораётган бу вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш Тошкент мезбонлик қилаётган мазкур конференциядан кўзланган асосий мақсаддир.

“Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осий минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир”, деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида. Халқимизда “қўшнинг тинч — сен тинч”, деган мақол бежиз айтилмаган. Ён қўшнимиз бўлган Афғонистоннинг тинчлиги, хавфсизлиги бевосита бизга ҳам дахлдордир. 

Шу боис Президентимиз тинчлик сари ҳаракатнинг энг асосий шарти, аввало, минтақа ва глобал даражада келишилган, Афғонистон учун ягона кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборатлигини таъкидлаб, бу борадаги асосий мақсад-вазифаларни илгари сурди. Хусусан, энг аввало, афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва улар бўйича кенг ва қатъий халқаро консенсус — муросага эришиш, иккинчидан, Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат ўртасида музокараларни бошлаш механизмини ишлаб чиқиш, учинчидан, Афғонистонда миллий келишув жараёнига халқаро ҳамжамият томонидан кўмак бериш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда барча манфаатдор ташқи кучларнинг қуролли мухолифатдан Афғонистон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришини, қарама-қаршилик ва зўравонликка чек қўйишни қатъий ва бир овоздан талаб қилиш таклифлари илгари сурилди. 

Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича тинчлик музокараларида тақдим этган ушбу таклифлари бу заминда тинч йўл билан барқарорликни таъминлашда беқиёс аҳамият касб этади.

Президентимиз ўз нутқида бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида яқин сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам мамлакатимиз ён қўшни давлатнинг осойишталигини таъминлашга имкон қадар кўмаклашиб келаётгани эътиборга молик. Айни пайтда Термиз шаҳрида Афғон фуқароларига таълим бериш мақсадида махсус марказ ташкил этилиб, унда 100 нафарга яқин афғонистонлик йигит-қизлар таълим олмоқда. 

Бундан ташқари, 2002 йилдан буён Афғонистонга электр энергияси етказиб берилмоқда. Сурхон-Пули-Хумри янги электр тармоғининг ишга туширилиши билан Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажми кескин ортади. Яна бир янги стратегик лойиҳа — ўзбек мутахассислари томонидан қурилган ва ҳозирги кунда фаолият кўрсатаётган Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳаси Афғонистон иқтисодиётини тиклашга катта амалий ҳисса қўшади. Шунингдек, янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашади.

Тошкент конференциясида кўплаб давлатлар, халқаро ташкилотлар вакиллари афғон муаммоси бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди, Афғонистонда тинч ҳаёт тикланиши ва унинг барқарор ривожланиши учун ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини маълум қилди. Халқаро конференция доирасида Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси имзоланди. 

Тошкент декларациясида Афғонистон муаммосини ҳал этишнинг аниқ йўллари белгилаб берилди. Конференция афғон муаммоси бўйича тўғридан-тўғри мулоқот қилиш майдонини яратди. Эндиликда афғон халқи ушбу мақсад йўлида бирлашиши зарурлиги, мамлакат ҳукумати ва мухолифат қаерда, қачон учрашиши, музокарага киришишини ўзи ҳал қилиши кераклиги таъкидланди.

Бир сўз билан айтганда, пойтахтимизда бўлиб ўтган халқаро конференция Афғонистон муаммосининг нафақат сабаблари, балки уни бартараф этиш чоралари бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланиши билан беқиёс ўрин тутади. Шу боис ҳам бу анжуманга бутун дунё жамоатчилиги катта қизиқиш билан эътибор қаратмоқда. Мазкур халқаро конференция моҳиятини ҳамда давлатимиз раҳбарининг долзарб аҳамиятга эга нутқи аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш олдимизда турган муҳим вазифадир. 

Сарвар ОТАМУРАТОВ, 
Ўзбекистон “Миллий тикланиш”

демократик партияси

Марказий Кенгаши раиси

(“Туркистон-пресс”).