2018-03-28 15:03:00

ЁШ СТУДЕНТ ПИЁЗ ВА АНОР ЧИҚИНДИСИДАН 4 ХИЛ РАНГДА КРАСКА ОЛИШ ТЕХНОЛОГИЯСИНИ ЯРАТДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан Урганч давлат университетида “Тадбиркорлик фаолияти ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда инновацион технологияларнинг ўрни”  мавзуида семинар-тренинг ташкил этилди.

Вилоятда инновацион ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, йигит-қизларга тадбиркорликка бўлган қизиқишни оширишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган семинарда иштирокчилар ўзларининг 30 га яқин инновацион ғоялари билан қатнашиб, мутахассисларга тақдим этди.

—Семинарда “Мева-сабзавот чиқиндиларини қайта ишлаш биотехнологияси ва унинг экологик жиҳатлари” мавзуидаги инновацион лойиҳам билан иштирок этдим, —дейди мазкур университетнинг кимёвий технология факультети 1-босқич талабаси Қ.Сапарбаев. —Илмий раҳбарим А.Раҳимов билан биргаликда пиёз ва анор чиқиндисидан 4 хил рангда краска олиш технологиясини яратдик. Аҳамиятлиси, бугунги семинарда партия кўмагида “Урганч Бахмал” МЧЖ билан келишувга эришдим.

Таъкидлаш керак, қатнашчиларнинг бир-биридан қизиқ ииновацион лойиҳалари ҳакамлар ҳайъатини бефарқ қолдирмади. Қовун навларини қайта ишлаш, мева-сабзавотлардан чипс яратиш, заводлардан чиқаётган чиқиндилардан ўрама фальга маҳсулоти ишлаб чиқариш, нархи 40 фоизга арзон ва 3 баробар енгил керамик ғишт ҳамда 8 ойликдан катта болалар учун қуритилган сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган инновацион ғоялар кўпчиликнинг эътиборини қозонди.

Семинар ғолиб ва совриндорлари партия Хоразм вилоят кенгашининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

“Туркистон-пресс”