2018-03-29 14:53:00

АШХОБОДДА “MADE IN UZBEKISTAN” МИЛЛИЙ САНОАТ КЎРГАЗМАСИ ИШ БОШЛАДИ

Туркманистон Ўзбекистоннинг стратегик шерикларидан бири. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва яхши қўшнилик муносабатлари янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг олий даражадаги учрашувлари ўзаро ҳамкорлик ривожига кучли туртки берди. Бу мамлакатларимизнинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлари жадал ривожланиб бораётганида ўз ифодасини топмоқда. 

Мазкур кўргазма Туркманистонда Ўзбекистон миллий саноат маҳсулотлари ва инвестициявий салоҳиятини намойиш этиш, ушбу мамлакат компаниялари билан тижорий-шериклик шартномалари тузиш, ишбилармон доираларни юртимизнинг илмий-ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлар иштирок этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Икки блокдан иборат ярмарка павильонларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кенг турдаги саноат маҳсулотлари, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал, маиший техника, қурилиш моллари ва бошқа маҳсулотлар намойиш этилмоқда. 

Кўргазма доирасида Ўзбекистон ва Туркманистон ишбилармон доираларининг бизнес-форумини ташкил этиш режалаштирилган. Унинг доирасида қиймати бир неча миллион АҚШ долларига тенг экспорт шартномалари имзоланиши мўлжалланмоқда. 

Уч кун давом этадиган тадбир доирасида ўзбек ва туркман санъат усталарининг маданий дастури ҳам намойиш этилади.

“Туркистон-пресс”