2018-03-29 14:55:00

МИРЗАХМАТ ШАИМОВ: ЯХШИ НИЯТ МАНМАНЛИККА, ИСРОФГАРЧИЛИККА АЙЛАНМАСИН!

Юртимиздаги тўй қилиш ниятида манманлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилаётган ҳолатларнинг ачинарли аҳволи юзасидан Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси  фаолларининг Мурожаати эълон қилинди.

Жуда тўғри қабул қилинган мурожаат, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кунора кўпайиб кетаётганлиги кўзга ташланмоқда.

Йиллар ўтса-да, замон ўзгариб бораётган бўлса-да, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ўрнига, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларни ўйлаб топиш, дабдабабозлик қилиб, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш ҳолатлари тобора кучайиб бормоқда.

Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, оёғи ердан узилган баъзи мансабдорлар бу борада ахлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиб қўйиш каби худбин мақсадларни кўзламоқда.

Энг ёмони, бундай ҳолатлар ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларда ҳалол меҳнатга нисбатан беписанд муносабат ва енгил-елпи ҳаёт кечириш, манманликка интилишнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Қизи бор уйнинг файзу фариштаси бўлади. Бундан фахрланамиз. Негаки, оиламизда навниҳолдек маликалар камолга етмоқда. Келажагимиз давомчиси қизларимизни оқ ювиб, оқ тараймиз, ҳеч кимдан кам қилмай тарбиялаймиз, кўз қорачиғидек асраб-авайлаймиз. Гоҳо меҳр-муҳаббатимизни ошкора намоён этмасак-да, унинг бахту иқболи йўлида ҳамма нарсага тайёр турамиз.

Ҳар бир ота-онанинг, бобою бувининг дилидаги истак шу. Бунга қўшилмасликнинг асло иложи йўқ. Зеро, оқила, лобар, зукко қизларимиз, гулу гунафшаларимиз ҳаётимиз давомчиларидир. Ана шундай эзгу тилак билан уларни турмушга узатамиз, ўзга хонадонда тиниб-тинчиб, ўзидан кўпайишини тинмай ният қиламиз.

Аммо шу ўринда аччиқ бир ҳаётий ҳақиқатни айтмасак бўлмас. Гап шундаки, қизларимизга бўлган муносабат куёв томонга қилинган сарпо-суруқлару мебелларга қараб шаклланаётгани, кўпинча фақат шунга оила пойдевори, тамал тоши сифатида қаралаётгани сизни ташвишлантирмайдими? Энди айтинг-чи, қиз томоннинг мебель қилиши қайси урф-одатимизга тўғри келади? Нега жондан азиз дилбандимизни турмушга бергач ҳам “олди-олди”лардан қутулолмаймиз? Нима қиз боланинг қадри мебель билан ўлчанадими?

Таъбир жоиз бўлса, қуйидагиларни таъкидламоқчиман, қизи бор уйни эшигини қоқиб келади, қулчиликка келдик деб, қиздан бошлаб, унинг етти уруғ-аймоғигача мақовларни ёғдиришади, ундоқ қиламиз, мундоқ қиламиз деб бир амаллаб нон синдириб олсак бас, қолган янгича урф-одатлар, орзу-ҳаваслар кейин болалаб чиқиб келаверади, икки ёки уч хонали бўм-бўш уйни кўрсатиб, қанақа гилам, парда, кўрпа тушак, мебель ва жиҳозлар билан тўлдириш кераклигини уялмай-нетмай айтиб тураверамиз. Молиявий имконият, исрофгарчилик, одоб-андиша ва ёшларнинг бахту-саодати учун нима қилиш зарурлиги эсдан чиқиб кетади. Йўқ ҳамма нарсани ўрнини ҳавойи орзу-ҳаваслар эгаллайди. Оёғимни тираб туриб олсам, қуда томон ҳаммасини қилади, кимга керак “фотиҳаси қайтган қиз” деган иснод, элнинг олди бўламан, қўни-қўшни, қариндош уруғ олдида “обрўйим” ортади дейди хом сут эмган бандалар.

Сўнгги пайтларда қиз узатаётганлар куёв томонидан қўйилаётган қатъий талаблар билан ҳисоблашишга мажбур бўлмоқдалар. Келиннинг сепида келадиган мебеллар ўзимизникимас, чет элники, куёв аталмишнинг бош-оёқ сарпоси хорижники бўлиши шарт, акс ҳолда... Ҳатто, ҳали тузукроқ танишиб улгурмаган “қуда” бўлмишнинг “пасткаш”лигию “қурумсоқ”лиги етти маҳаллага достон бўлади, қўяди. Ахир эр томоннинг ор-номуси кучлироқ бўлиши керак эмасми? Келин томондан сандиқсифат қутиларда келган, йилнинг тўрт фаслига мос кийимлару мебеллар устига ўтирволиб, “Мен шу уйнинг эркагиман” дейишдан қачон уяламиз?!”

Шу ўринда табиий бир савол туғилади. Нега? Нима учун?

Бир умр йиғиб, бир кунда сочамиз...

Ота-она — бамисоли қўрғон. Шу боис фарзанд туғилганидан бошлаб сарпо-суруқ йиғишга киришилади. Бу — қадимий таомил, қолаверса, “тома-тома кўл бўлур”, деганларидек, эртанги куннинг “ташвиши”ни енгиллаштиришга интилиш натижаси. Ўзи емай, киймай, лекин сандиғини зебу зийнатга тўлдирмаса, кўнгли тинчимайдиган ота-оналаримиз сафи камаймаётганлиги бугун ҳаммага маълум ҳолат. Бир қарашда бундан айб қидириш одобдан эмасдек туюлади. “Болаларим улғайгач, эл-юртга дастурхон ёзиб, тўю томошалар қиламан”, деган ниятнинг нимаси ёмон?! Аммо ёши бир жойга бориб қолган бобо-бувиларимиз, сал бош қашлаб, баъзан кинояли тарзда “Аввалгиларга ўхшамас”, деганларида жуда ҳам аччиқ ҳақиқат борлигини ҳис қиламиз. Чунки 30 — 40 йил олдинги маросимларимиз билан ҳозиргиларини таққосласангиз, ўртада ер билан осмонча фарқ борлигини кўриб, “Эҳ, аттанг...” деб юборишингиз аниқ.

Келинг, тўйларимизнинг ичига кириб кўрайлик-чи...

Суннат тўйи, ёш боланинг камида беш йиллик эҳтиёжи учун ярмарка ўтказилади, худди шундай лаш-лушлар бирма-бир қайтмаса ёки бирорта қариндош эсдан чиқса тамом, яхши ниятда қилинган тўй маросими нимага айланишини кўз олдингизга келтиринг.

Келин тўйи, ким ўзарга қўша-қўша бир хил рангдаги, бир русумдаги машиналар эшалони катта йўлнинг ўртасига тушиб олади. Сал камроқ бўлса бўлмайдими деган саволга жавоб, “орзу-ҳавас”, “ўғлимнинг кимдан кам жойи бор”, “элдан кам бўлмайлик”, буларнинг бари ортиқча дабдабалигини тушунишни хоҳламаймиз. Қолгани банкет, никоҳ маросими, базм ҳаммаси ким ўзарга, сохта обрў орттириш учун эканлигини билмаймизми?

Эркакларимиз, неча кило гурунч дамладинг, гурунч лазерми, нечта қўй сўйдинг, қанча одам айтдинг, қайси хонандани таклиф қилдинг, нонвойга “қанча заказ” бердинг, ҳеч ким савол бермайди, имкониятинг борми, эртанги кунингни ўйлаяпсанми, ортиқча сарф-харажат қилмаяпсанми, уволдан қўрмайсанми деган.

Аёлларимиз, элита пардани кимга “заказ бердинг”, нечта мебель олдинг, қаерники, нечта гилам олдинг, ҳамма қариндошларга (келин томонга алоҳида, куёв томонга алоҳида) сарупо олдингми ва ҳакоза. Лекин, ҳеч ким савол бермайди, тўхта, нима қиляпсан, шунча қилинган “орзу-ҳавас”нинг зиғирча ёшларнинг бахтли ҳаёт кечириши учун фойдаси борми, куёв ва қиз ҳаётга тайёрми, йўқ булар қизиқтирмайди. Барчасидан орзу-ҳавас, манманлик ва исрофгарчилик устун келади. Ҳа нима эмиш “шавла кетса кетсин, обрў кетмасин”.

Ўйлаб кўринг, ойига ўртача 2 миллион сўм даромад топиб, 1 миллион сўмини орттириб қўйиш қурбига эга ўртаҳол оила ҳам 3 нафар фарзандини уйлантириш ёхуд узатиш ташвишининг ўзи учун 40 йил давомида тер тўкиб меҳнат қилиши лозим! 40 йил зўр-базўр тўпланган сармоясини бир кунда кўкка совуриш ақлданми? Бунга имконияти етмаганлар-чи? Улар нима қилишсин?!

Меҳмонлар сони тўй соҳибининг обрў-эътиборини белгиловчи мезонга айланган чоғи, қўшни маҳаллаларнинг таниш-нотаниш аҳлини шодиёнага чорлаш одат тусига кирди. “Элдан чиқмаслик” таомилига риоя қилишга мажбур бўлган оддий оилалар учун бу урф-одатлар жуда қимматга тушаяпти.

Тўғри, икки томон ўзаро келишиб, “бор товоғим — кел товоғим” ақидаларига нуқта қўйиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Бироқ бу ўнта оиладан биттасига тўғри келишини инобатга олсак, иллат илдиз отса отаяптики, асло камайгани йўқ.

Ахир ана шу ортиқча дабдабабозликка сарфланаётган маблағлар хайрли ишларга йўналтирилса, қандай соз бўларди! Шундай экан, мамлакатимиз жамоат ташкилотлари фаолларининг мурожаатига қулоқ тутиш, амал қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳар биримизнинг бурчимиз, қалб амримиздир.

 

Мирзахмат ШАИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.