2018-03-30 14:33:00

АДЛИЯ ВАЗИРИ РУСЛАНБЕК ДАВЛЕТОВ: ОДДИЙ ИНСОНЛАР УЧУН ҚОНУНЛАР ТУШУНАРЛИ ВА СОДДА БЎЛИШИ ЛОЗИМ

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида сенаторлар Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти билан танишди.

Шиддат билан ўзгараётган замон қонунларнинг ҳам мураккаблашишига олиб келаётганини қайд этди вазир. Бироқ улар оддий инсонлар учун тушунарли ва содда бўлиши лозим.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги қабул қилинган қонунлар ва қарорларнинг асосий маъносини аҳолига етказиш бўйича соатдек ишлайдиган самарали механизм яратиш кераклиги таъкидлаб ўтган.

Шу мақсадда Адлия вазирлиги “Телеграм”да “Ҳуқуқий ахборот” каналини ишга туширди. 80 минг аъзога эга бўлган мазкур канал орқали бугунги кунгача 2,5 мингдан ортиқ ҳуқуқий ахборот тарқатилди.

Ижтимоий тармоқларидаги адлия саҳифалари орқали тарғибот, аҳоли билан мулоқот кучайтирилди. Бу саҳифаларга кейинги беш ойда 100 мингдан ортиқ киши ташриф буюрди.

Бундай замонавий усуллар ривожланаётгани боис анъанавий равишда кўп ресурс ва вақт талаб қиладиган тадбирлар, учрашувлар ўтказиш камайтирилмоқда. Чунки кўп ҳолларда бундай тадбирлар аудитория худди мажбурлаб бир жойга тўплангандай, ачинарлиси, тадбирларнинг таъсирчанлиги йўқ.

Адлия вазирлиги раҳбарияти ва ходимлари томонидан барча ҳудудлар айланиб чиқилиб, таҳлил қилинган. Дастлабки таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, жойлардаги аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражаси, қонунларни тушуниш қобилиятини шакллантиришда жиддий камчиликлар борлигига маълум бўлди.

- Охирги йилларда нафақат ҳуқуқий маданиятни оширишга эриша олмадик, -дея қайд этди вазир. - Балки бу борада аниқ негатив тенденция яққол кўзга ташланди.

Кўплаб фуқароларимиздаги боқимандалик кайфияти, меҳнатга муносабатнинг сустлашгани бу жараёнга ўз таъсирини кўрсатган. Иккинчи томондан судлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги сансалорликлар, пенсия билан боғлиқ тушунмовчилик аҳоли кайфиятига салбий таъсир ўтказган.

Шунинг учун реал ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларда шундай ёндашув қилинмоқдаки, яъни муаммодан келиб чиқиб, тегишли ҳуқуқий ахборот шакллантирилмоқда.

Сир эмас, уй-жой, қурилиш, меҳнат ва коммунал соҳада минглаб муаммоларимиз мавжуд. Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига тушаётган мурожаатлар шуни тасдиқлайди. Ҳаётимиз кўзгусига айланган ушбу тизимга тушаётган шикоятлар ижроси тегишли органларниннг диққат марказида бўлиши лозим.

Адлия бу борада “манзилли тарғибот” лойиҳасини амалга оширади. Шу орқали фуқароларнинг ёши, ижтимоий ҳолати, фаолият турига қараб тарғибот тадбирлари ташкил қилинади.

Ҳуқуқий ахборотни инсонлар учун қулай бўлган вақтда ва кўринишда етказиш керак. Адлия вазирлиги бу имкониятни аҳолига таъминлаб беради.

Мазкур масала юзасидан фикр билдирган сенаторлар ахборот танқидий-таҳлилий руҳда тайёрлангани эътиборга лойиқлигини таъкидлади. Лекин ҳуқуқий тарғиботда сон эмас, балки самардорликка эришишга интилиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА